«Ягона миллий меҳнат тизими» дастурида маълумотлар нега янгиланмаяпти?

Ёхуд Африка халқларининг игбо, сесото, зулу, шона, чичева тиллари хорижий тилларни билиш даражамизни белгилайдими?

Президентимизнинг 2019 йил 31 октябрдаги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб янги меҳнат шартномалари тизими, амалдаги шартномаларга ўзгартириш киритиш ва тугатиш «Ягона миллий меҳнат тизими» (ЯММТ)да мажбурий рўйхатдан ўтказилиши белгиланган.

Меҳнат муносабатларини ЯММТда рўйхатдан ўтказиш мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъий назар, барча иш берувчилар, хусусий корхона ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун мажбурий эканлиги қайд этилган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси дирекцияси ташкил этилди. Дирекция томонидан дастурни ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича қатор ишлар олиб борилиб, жойларда вилоят бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармасининг масъул ходимлари томонидан ўқув-семинар машғулотлари ўтказилди. Йўриқномалар ишлаб чиқилиб, махсус телеграм гуруҳлари очилди.

Иш берувчилар томонидан дастурга маълумотларни жойлаштириш ишлари 2019 йилнинг декабрида бошланган бўлса-да, дастур ташкилий-техник жиҳатдан тўлиқ шакллантирилмаган. Жумладан, дастурга хорижий олий ўқув юртлари, МДҲ мамлакатларида таҳсил олган ходимларнинг (дипломлари нострификация қилинган бўлса ҳам) маълумотларини киритиш йўлга қўйилмаган. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Банк молия академияси битирувчиларининг маълумотларини ҳанузгача киритишнинг иложи йўқ.

Дастурда ходимларнинг собиқ иттифоқ давридаги меҳнат фаолияти, фаолияти тўхтатилган корхоналар, хорижда ишлаганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳам ҳалигача жойланмаган. Меҳнатга ишбай ҳақ тўлаш тизими назарда тутилмаган.

Ходимларнинг қариндош-уруғлари тўғрисидаги маълумот паспорт серияси ва туғилган санаси бўйича киритилади, қариндошларининг яшаш жойи ва иш жойи тўғрисидаги маълумотлар ички ишлар бошқармаси ахборот базасидан келиб чиқади. Аммо аксарият ҳолларда ходимнинг қариндош-уруғларининг иш жойи тўғрисидаги эски маълумотлар базада янгиланмаган ҳолатда қолмоқда.

Дастурнинг тил билиш даражасини белгилаш қисмида дастурчилар томонидан  Жанубий Африка халқларининг игбо, сесото, зулу, шона, чичева тиллари, сунъий эсперанто, бугун ёзувигина сақланиб қолган лотин тилларининг киритилгани ҳам кишининг энсасини қотиради.

“Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси дирекцияси масъуллари юқорида келтириб ўтилган муаммоларни бартараф этишига умид қиламиз.

Дилфуза ХОЛМИРЗАЕВА,

вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ходими.