Якка тартибда таълим олаётган ўқувчиларга ўқув қуроллари, ногиронлик аравачалари етказиб берилди

Вилоят прокуратураси, вилоят халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамкорлигида уйида якка тартибда таълим олаётган 1668 нафар боланинг соғлиғи, таълим олиши ва улар тарбияланаётган оилаларнинг ижтимоий ҳолати ўрганилди. Уларни қийнаётган муаммоли масалаларга қулоқ тутилиб, барчаси тиббий кўрикдан ўтказилди.

Ўрганиш натижасида тиббиёт соҳасига оид 330 та, таълим соҳасига оид 233 та, бошқа йўналишларга доир 136 та муаммолар аниқланди. Жумладан, 51 нафар боланинг ногиронлик аравачасига, 5 нафарининг эшитиш мосламаси, 20 нафарининг ҳасса ва қўлтиқ таёққа эҳтиёжи борлиги аниқланиб, уларга ушбу зарур жиҳозлар олиб берилди.

Ҳомийлар ва бюджет маблағлари ҳисобидан 105 нафар бола дори-дармон билан таъминланди. 138 нафар бола даволаш бўйича тиббиёт муассасаларига бириктирилди.

Бундан ташқари, 9 нафар уйида якка тартибда таълим олаётган ўқувчига 20 турдаги дарслик, 21 нафарига доска, 16 нафарига парта, 7 нафарига ўқув стули, 54 нафарига турли ўқув қуроллари етказиб берилди. Китобхонликка қизиқувчи 102 нафар бола бадиий адабиётлар билан таъминланди. Ҳомийлар томонидан 1 нафар ўқувчига қўл телефони олиб берилди. Шунингдек, 23 та якка тартибда ўқитилаётган ўқувчиларга таълим бериш жараёнида фойдаланиш учун ноутбуклар совға қилинди.

Қўшработ, Иштихон ва Пайариқ туманларида масофавий таълим олаётган 300 нафар кам таъминланган оила фарзандларига бир ойлик интернет пуллари тўлаб берилди.

Жорий йилнинг 14 май куни уйида якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш йўналишида аниқланган эҳтиёжларга мувофиқ, зарур жиҳозлар ва тегишли дори воситалари ўз эгаларига етказилди.

- 2-синф ўқувчиси Афсона Сафарованинг уйига бориб дарс бераман, - дейди Самарқанд шаҳридаги 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Мадина Маҳмудова. – Унга бугун парта, ёзув доскаси олиб келиб беришди. Ўқувчимнинг қувончини кўриб, ўзим ҳам таъсирландим. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга берилаётган бундай эътибор бардавом бўлишини истайман. Уларнинг ҳам замонавий шарт-шароитларда таълим олишга ҳақи бор.

Прокуратура, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш бошқармалари ходимлари иштирокида амалга оширилган ўрганиш ишлари давомида уйида якка тартибда таълим олаётган ўқувчиларга етарли даражада таълим-тарбия берилмаётгани, ўқитувчиларнинг масъулиятсизлиги, уларнинг саломатлиги бўйича ўз вақтида алоҳида назорат олиб борилмаганлиги ҳолатлари ҳам аниқланди. Ушбу муаммоларни ижобий ҳал этиш, масъулиятсизликка йўл қўйган ходимларга тегишли чора кўриш бўйича вилоят халқ таълими бошқармаси ва туман (шаҳар) ХТБларига 19 та тақдимнома киритилиб, 23 нафар шахс қатъий огоҳлантирилди. 154 нафар масъул шахсларга интизомий ва 9 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.