Ногиронлиги бўлган болалар учун махсус боғчалар бор(ми?)
Туғма нуқсони бўлган болалар ҳам соғломлар қатори таълим-тарбия олишга ҳақли. Самарқанд вилоятида 3 та кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти ана шундай жажжиларга хизмат кўрсатиб келяпти. Вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан ўтказилган навбатдаги пресс-турда журналистлар мазкур боғчалар фаолияти билан танишди.
- Бугун Самарқанд шаҳрида 2 та, Каттақўрғонда 1 та ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб боряпти, - дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси мутахассиси Райҳона Асророва. – Уларда 250 нафарга яқин ногиронлиги бўлган болажонлар тарбияланади. Шу пайтга қадар вилоятимизда бундай боғчалар сони 5 та эди. Яқинда 2 тасининг фаолияти тугатилди. Бунга сабаб, кейинги пайтларда ногиронлиги бўлган болалар сони камайганлигидир. Аммо афсуски, кам бўлса-да, нуқсон билан туғилаётган болалар бор. Уларнинг аксарияти қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг оқибатида дунёга келяпти.
Пресс-турнинг биринчи манзили Самарқанд шаҳридаги 78-кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Бу ерда тарбияланувчилар учун етарлича шароитлар яратилган. Ногиронлиги бўлган болалар билан ишлаш, уларни соғломлаштириш, таълим-тарбияси билан шуғулланиш боғчада фаолият олиб бораётган мутахассислар учун осон эмас.
- Шу соҳада фаолият олиб бораётганимга 20 йил бўлди, - дейди сурдо-педагог Зумрад Ҳасанова. – Тўғри, бу иш ўзига яраша машаққатли ва масъулиятли. Заиф эшитувчи болалар билан ишлайман. Масалан, бир болага чуқур тил орқа ундошлари – қ, ғ, х товушларини ўргатиш учун йиллаб вақт сарфланади.
Шундан сўнг журналистлар шаҳардаги 60-кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини кўздан кечиришди. Бу ерда 12 гуруҳда 101 нафар бола тарбияланар экан.
- Боғчамиз тарбияланувчилари орасида юриш у ёқда турсин, ҳатто ўтиролмайдиган болалар ҳам кўпчиликни ташкил этади, - дейди ҳамшира Дилноза Рашидова. – Бу ерда ишлайдиган биз, тиббиёт ходимлари уларни соғломлаштириш учун машғулотлар олиб боряпмиз. Биргина уқалаш муолажаси орқали ҳам соғлом ҳаётга қайтган болаларнинг борлиги бизни қувонтиради.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).