Якшанбадан мамлакатимизда ҳаво совий бошлайди
Бугун ва эртага Ўзбекистон ҳудуди иссиқ жануби-ғарбий ҳаво оқимлари таъсирида бўлади, дея хабар берди "Ўзгидромет".
Республика ҳудудининг катта қисмида об-ҳаво кам булутли, ҳарорат иқлимий меъёрдан 4−6 даражага юқори бўлади. Кундузи ҳарорат 22−27 даража, кечаси 4−9 даража атрофида бўлади.
8 ноябрда республика ҳудудига Кавказ томондан совуқ ва нам ҳаво оқими кира бошлайди. Кун давомида ушбу оқим республиканинг шимоли-ғарбий туманларига тарқалади. Кечга бориб у Ўзбекистоннинг марказий туманларига ўтади.
Ушбу жараёнда республика бўйича булутлилик ортади, Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида айрим жойларга ёмғир ёғади. 8 ноябрь кечаси ва 9 ноябрь эрталаб мамлакатнинг марказий ва жануби-шарқий туманларида ёмғир ёғади. Тоғли ҳудудларда ёмғирнинг қорга айланиш эҳтимоли бор. Айрим жойларда ёғингарчилик кучли бўлиши мумкин.
Якшанба куни кундузи ҳарорат бироз пасаяди. Республика ҳудудининг катта қисмида ҳарорат 15−20 даража, шимолда 8−13 даража бўлади. Кейинги ҳафтанинг бошида эса совуқ тушади, тунги ҳарорат 0−5 даража илиқ, кундузи 10−15 даража бўлади.