Яна чиқинди масаласи: Аҳолини жарима орқали тозаликка ўргатиб бўладими?
Йил бошидан чиқиндини ўз вақтида ташиб кетиш, унинг утилизацияси, умуман, шу соҳага оид яхши янгиликларни эшита бошладик. Шаҳарда белгиланган жойларда чиқинди қутилари ўрнатилди, маҳаллаларга бир ойда бир келадиган чиқинди машиналари ҳар ҳафта (кўп қаватли уйлар ёнига ҳар куни) келиши одат тусига кирди. Туманларда ҳам бу борада ўзгаришлар кўзга ташланди. Аммо бу ишлар ҳали етарли эмас.
Аввало, чиқинди ташлаш билан боғлиқ маданият етарли шаклланмаганлиги мавжуд шароит ва амалга оширилаётган ишларни қайсидир маънода йўққа чиқарди. Қолаверса, чиқиндини тўплаш, саралашда қайта ишлаш муаммони ҳал қилишда муаммолар пайдо бўла бошлади. Бу каби ҳолатлар тизимда янги ташаббуслар зарурлигини тақозо этди. Мамлакатимиз раҳбарининг шу йил январь ойидаги «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони шу зарурат ўлароқ юзага келди.
Фармонга кўра, агар маиший чиқинди бўйича қарздорлик бўлса, кўчмас мулк ва автомобиль олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланмайди. Шу йилнинг 1 июндан чиқинди олиб чиқиб кетиш бўйича қарздорлик юзага келган тақдирда электр энергияси учун тўловларни чеклаш бошланади. Бу каби янгиликлар сайтимизда аввал ҳам берилган. Гап яна қандай вазифалар амалга оширилиши кераклиги ва аҳолини қийнайдиган яна қандай муаммолар борлигида.
Юзлаб кўп қаватли уйлар қурилди, аммо чиқинди майдончаси йўқ
- Бугунги кунда Самарқанд шаҳри ва туманида чиқиндини олиб кетиш билан «Мароқанд обод» ташкилоти шуғулланса, саккиз туманда «Тоза ҳудуд» ўз фаолиятини кўрсатади, - дейди вилоят экология бошқармаси бўлим бошлиғи Акмал Қўшбоев. – Вилоят бўйича 300 дан зиёд чиқинди ташиш техникаси мавжуд бўлиб, уларнинг 39 таси ҳозирги кунда носоз ҳолатда. Белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш аввал ҳам эътиборга олинар ҳамда тегишли меъёрий ҳужжатлар асосида ушбу қоидабузарликка йўл қўйганлар жаримага тортилар эди. Мисол учун, ўтган йили 2 мингга яқин шундай ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарлар жаримага тортилганди. Бу йил эса 19 кун ичида 220 нафар фуқаронинг қоидабузарлиги аниқланди. Белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш 340 минг сўмдан 17 миллион сўмгача жарима солишга сабаб бўлиши мумкин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 123-моддасига асосан автотранспорт воситасидан чиқинди улоқтириш базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида, яъни 170 минг сўм жарима ундирилишига сабаб бўлади.
Аҳолини жарима орқали тозаликка ўргатиш, бу – анъанавий усул. Таъсири ҳам тез сезилади, қолаверса. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Барча ҳудудларда чиқинди ташлаш учун шароит яратилганми? Шароит мавжуд бўлмаган жойда яшайдиган аҳоли «белгиланмаган жойга чиқинди ташлаши»да қанчалик мантиқ бор?
- Албатта, бу ҳам бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири, - дея ўз фикрини давом эттиради А.Қўшбоев. – Ҳар йили шаҳарда янги уйлар қурилмоқда, хонадонлар сони ортмоқда. Аммо эътибор беринг, неча ўнлаб уйлар қурилгани ҳолда чиқинди майдончалари қурилмай қолиб кетмоқда. Мисол учун, кейинги уч йил ичида Самарқанд шаҳрида бор-йўғи иккита чиқинди майдончаси қурилган. Ваҳоланки, 150 хонадон учун битта шундай майдонча бўлиши керак. Бу вазифа эса тегишли меъёрий ҳужжатлар асосида қурилиш ташкилотлари зиммасига юклатилган. Афсуски, қурилишни қабул қилиш комиссияси аъзолари орасида экология ташкилотларидан бирорта вакилнинг йўқлиги масалани чигаллаштиради. Шунинг учун, бу масала ҳамон очиқ қолмоқда.
Аҳолининг қарзи 7 миллиард сўм
Эътибор берган бўлсангиз, Самарқанд шаҳри кўчаларида турли рангдаги чиқинди қутилари пайдо бўлди. Ниҳоят чиқинди сараланиб, ташланади, деб хурсанд бўлгандик. Хўп, бундай амалиёт давом этадими, кўлами кенгаядими?
- Бир кунда Самарқанд шаҳрининг ўзидан 500 тоннагача чиқинди олиб кетилади, - дейди «Мароқанд обод» давлат унитар корхонаси ижрочи директори Отажон Абдинаров. – Маҳаллаларга бориш бўйича аниқ графигимиз бор, ихтиёримизда 117 та техника мавжуд. Афсуски, уларнинг бир нечтаси ҳозирги кунда носоз ҳолатда. Гап шундаки, ҳозирги пайтга келиб, аҳолининг дебиторлик қарзи 7 миллиард сўмни ташкил этади. Бу корхонамизнинг молиявий аҳволига сезиларли таъсир кўрсатади.
Чиқинди машиналарга солиб, олиб кетилаётганда сараланмайди. Бугун бу масалада турли ҳолатлар бор. Қайта ишланадиган иккиламчи хомашё аксар ҳолатларда сараланишдан олдин олиб кетиб қолинади. Уларни қабул қиладиган, ноқонуний фаолият кўрсатадиган қабул пунктлари ҳамон ишлаб турибди. Президент қарорида бу каби қабул пунктлари ташкил этиши учун тадбиркорлик субъектларига ҳам рухсат берилиши белгиланди.
Гап фақат жаримада эмас
- Вилоятимизнинг бир нечта шаҳар, туманларида чиқинди ташлаш масаласи бўйича мониторинг олиб борилди, - дейди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси раҳбари Элёр Ҳамроев. - Қонунчиликка кўра, чиқиндиларни сақлаш санитария нормалари ва қоидаларига, экологик хавфсизлик талабларига мувофиқ бўлиши керак. Саноат ва маиший чиқиндиларни махсус техник мосламаларсиз зарарсизлантириш тақиқланган бўлиб, хавфли чиқиндилар чиқиндиларнинг экологик сертификати ҳамда уларни ташиш учун берилган рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда махсус жиҳозланган транспорт воситаларида ташилиши, кўмиб ташланадиган жой ҳокимият томонидан белгиланиши ҳамда шаҳар ва туман ободонлаштириш бўлимлари томонидан доимий назоратда бўлиши лозим. Биз ҳудудларда бу масалага қанчалик эътибор қаратилаётганлигини кузатдик, кези келганда, тушунча бердик. Гап фақат кимнидир жаримага тортиб, қўрқитишда эмас, одамларда атроф-муҳитга муносабатни ўзгартиришда.
Бу масалалар яқинда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси томонидан давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирок этган жамоатчилик эшитувида муҳокама этилди. Унда турли хил фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар билдирди.
Хулоса ўрнида бир мисолни айтиб ўтмоқчиман. Таҳририятимиз жойлашган Улуғ Турсунов кўчасидаги бир ҳудуд қанча гапирилмасин, эътирозлар билдирилмасин, чиқинди тўпланадиган ўчоққа айланиб қоляпти. Уни шу маҳаллада яшовчиларнинг ўзларидан ташқари четдан келиб ҳеч ким ташлаётгани йўқ. Ваҳоланки, маҳаллага ҳар ҳафта чиқинди ташиш машинаси мунтазам келиб туришига гувоҳмиз.
Дарвоқе, Фармонда “белгиланган тартибда автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатган тадбиркорлик субъектларига экологик ҳуқуқбузарликларни қайд этиш ва Давлат экологик назорат инспекциясига хабар қилиш ҳуқуқини бериш ҳам кўзда тутилган. “Бунда, тадбиркорлик субъектлари жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши натижасида жарима сифатида ундирилган маблағнинг 20 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Аҳолига ўз ташаббуси билан чиқиндихоналарга айланган ёки тизимли равишда чиқиндилар ноқонуний равишда ташлаб кетилиши кузатиладиган ҳудудларда ўз маблағлари ҳисобидан фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш юзасидан вазирликка буюртма бериш имкониятини яратилган. Юқоридаги мисолнинг ўзи ушбу муаммо ечимида бундан бошқа чора қолмаган, деган хулосага олиб келади.
Гулруҳ Мўминова.