Янгасининг "кўзи" билан мутолаа қилган қиз энг фаол китобхон бўлди

Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси ташаббуси билан “Энг фаол китобхон” кўрик-танлови ўтказилди. Танловнинг ҳал қилувчи босқичида брайль ёзувини ўзлаштирган, имконияти чекланган 16 ёшдан 35 ёшгача бўлган 13 нафар китобхон иштирок этди.

Танловда СамДЧТИ талабаси, жиззахлик Фарида Ҳамидова биринчи ўринни қўлга киритди.

- Китобга меҳрим бошқача, - дейди Ф.Ҳамидова. - Танловда ғолиб бўлишимда янгам Нафиса Ҳамидованинг катта ҳиссаси бор. У кишининг кўзи билан кўп китоб ўқидим. Аудио ва брайль ёзувида топилмайдиган асарларни янгам эринмасдан ўқиб берарди.

Танловда иккинчи ўрин хоразмлик Ҳилола Йўлдошевага насиб этди. Бухоролик  Ўғилжон Бешимова эса учинчи ўринни эгаллади.

Танлов ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.