Янги ғоялар қуйидан марказга тизими орқали шакллантирилади

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг сиёсий ва сайловолди дастури муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши шу тамойил асосида ташкил этилди.

Вилоят студиясидан вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партиянинг туман (шаҳар) кенгаши раислари, бошланғич партия ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирни Сиёсий Кенгаш раиси Наримон Умаров олиб борди.

Таъкидландики, сайловолди дастури ҳар томонлама пишиқ ва пухта бўлиши, унда партия аъзолари, бошланғич ташкилотлар, депутатлик корпуси, фаоллар, экспертлар, энг асосийси, халқимиз фикри асосида такомилига етказилиши лозим. Шу мақсадда июнь-июль ойлари давомида “Фракция-марказ-вилоят-туман” тизими орқали барча бошланғич партия ташкилотларида дастур лойиҳаси кенг муҳокамадан ўтказилди. “Менда таклиф бор” (#MendaTaklifBor) хештеги асосида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг 100 дан зиёд таклифлари олинди.

Видеоселоктор йиғилиши ҳам баҳс-мунозараларга бой бўлди. Хусусан, ўрта таълим битирувчиларини олий таълим муассасаларига иложи борича кўпроқ қамраб олиш тўғрисидаги таклиф кўпчилик томонидан маъқулланган бўлса-да, бир қатор фаоллар ҳаммани олий маълумотли қилишни эмас, бугунги кун талабларига жавоб берадиган кадрлар рақобатига эришишни бош мақсад қилиш лозимлигини таъкидлади.

Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар Алимова хотин-қизлар манфаатлари, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш масалаларида, оилалардаги қонуний ва шаръий никоҳлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, баъзи бир қонунлар, жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклифини билдирди.

Тадбирда таълим ва илм-фан партиянинг асосий йўналиши ҳамда мамлакат келажагининг белгиловчи соҳа эканлигини инобатга олиниб, олий таълим ва илм-фан интеграциясини янада кучайтириш, ўзаро ҳамкорлигини яхшилаш, илм-фан ютуқларини саноат ва ишлаб чиқаришга жорий этиш орқали иқтисодиётни ривожлантириш таъкидланди.

Билдирилган кўп сонли фикрлар асосида партиянинг мамлакат келажагига дахлдор сиёсий ва сайловолди дастурини янада такомиллаштириши, унда декларатив мазмундаги жумлалардан бутунлай воз кечиб, содда, тушунарли халқона тарзда шакллантириш учун уни жойларда атрофлича, чуқур муҳокамалардан ўтказиш белгилаб олинди.

М.БАБАБЕКОВА.