Янги ўқув йили қандай бошланади?

2021-2022 ўқув йили олий таълим муассасалари, коллеж, техникум, касб-ҳунар мактаблари ва умумий ўрта таълим мактабларида 6 сентябрдан анъанавий тарзда бошланади.
Ўқув жараёни қатъий карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилади.

Олий таълим муассасаларида
Янги ўқув йилидан бошлаб барча олий таълим муассасаларида талабалар ўқув варақаси, гуруҳ журнали, рейтинг дафтарчаси, академик маълумотнома, дарс жадвали, давомат ва ўзлаштиришга оид маълумотлар ва ҳатто, тўлов-контракт шартномалари ҳам рақамлаштирилади.
Шунингдек, баҳолаш тизими ҳам ўқитувчига боғлиқ бўлмайди. Савол-жавоб ва унинг баҳосини янги яратилган ахборот тизимининг ўзи бажаради. Масалан, ҳар бир маърузадан сўнг талабалардан тест олинади. Унинг натижаси ҳам автоматик тарзда тизимнинг ўзига тушади. Бу ерда инсон омили қатнашмайди.
Бундан ташқари, энди қолдирилган дарслар учун қайта ўзгартириш қабул қилинмайди. Агар талаба узрли бўлса, бу ҳақда маълумотнома олиб келиши керак. 25 фоиз дарсни қолдирган талаба фанни бошқатдан ўқишга мажбур.

Касб-ҳунар мактабларида
2021-2022 ўқув йилида вилоятдаги 37 касб-ҳунар мактабига 9-синф битирувчиларини қабул қилиш бўйича 9240 та қабул квоталари белгиланди. Амалда 54 касб бўйича 9917 нафар, яъни, қабул режасига нисбатан 107 фоиз ўқувчи қабул қилинди.
Янги ўқув йилидан вилоятдаги касб-ҳунар мактабларида 18 644 нафар ўқувчи таълим олади.

Коллеж ва техникумларда
Вилоятдаги 15 та коллежда 4863 нафар ҳамда 22 та техникумда 8752 нафар 2-босқич ўқувчиларига дарс машғулотлари анъанавий шаклда бошланади.
Коллежларда кундузги, кечки, сиртқи таълим шакллари асосида қабул жараёнлари ташкил этилган. 2021-2022 ўқув йили учун қабул жараёнлари 10 сентябрга қадар давом этади, онлайн ариза бериш kollej.edu.uz платформаси орқали амалга оширилади.
Кундузги, сиртқи ва кечки таълим шакли бўйича коллежларга 5295 та, техникумларга 13273 та қабул режалари тасдиқланди.
Бугунги кунда коллежларга kollej.edu.uz платформаси орқали 2531 нафар, техникумларга texnikum.edu.uz платформаси орқали 6232 нафар абитуриент онлайн ҳужжат топширди.

Мактабларда
Вилоятимиздаги мактаблар сони ўтган йили 1257 та бўлса, янги ўқув йилидан улар сони 1260 дан ошмоқда.
Шунингдек, вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар сони 746 614 нафарга етмоқда. 76 621 нафар бола 1-синфга келиши кутиляпти.
Ўтган ўқув йили бошида 81 мактаб электрон кундаликка ўтган бўлса, бу йил 600 дан ортиқ умумий ўрта таълим мактаблари электрон кундалик асосида иш юритади.