«Янги Ўзбекистон» массивидаги қурилишлар ортда қоляпти(ми?)
Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги фармони асосида республикамизнинг 30 та ҳудудида «Янги Ўзбекистон» массивлари қурилмоқда.
Жумладан, Ургут туманидаги «Янги Ўзбекистон» массивида 2022-2026 йилларда 39,2 гектар майдонда 58 та кўп қаватли уй-жой қуриш белгиланган.
- Ўтган йил якуни билан иккита беш қаватли ва тўққиз қаватли, 57 хонадонга мўлжалланган ўнта уй-жой фойдаланишга топширилган, - дейди Ургут туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Фаррух Жамолов. – Жорий йилда ўндан ортиқ қурилиш корхонаси томонидан 1037 хонадонли 17 та кўп қаватли уй-жой қурилишини якунлаб, фойдаланишга топшириш белгиланган. Октябрь ойининг бошида 16 қаватли уй-жойда қурилиш-монтаж ишлари якунланди, яна 9 қаватли 10 уй фойдаланишга топшириш арафасида турибди. Кейинги икки йилда яна 23 та кўп қаватли уй қуриш белгиланган. Лекин тендер савдоларида ғолиб бўлиб, қурилишни вақтида бошламагани, ишлар суст кетаётган қурилиш корхоналари билан тузилган шартномалар туман ҳокимлиги ташаббуси асосида бекор қилинди ва қурилиш ишлари бошқа қурувчиларга берилди. Жорий йилда қурилишни вақтида бошламаган ёки сусткашликка йўл қўйган тўртта қурилиш корхонаси туфайли режадаги ишлар бироз ортда қолди.
Умуман, массивда қурилиш жараёни уч бўлимга бўлинган. Бу ерда 2 та мактаб, 4 та болалар боғчаси, давлат ва хусусий поликлиника бўлади. Ҳозирда биттадан мактаб ва боғча фойдаланишга топширилган, қолган учта боғча қуриш учун аукцион ўтказилиб, ғолиблар аниқланган. Мактаб қурилиши кейинги йил дастурига киритилади. Бундан ташқари, маиший хизмат объектлари, савдо маркази, ҳаммом, экобозор қурилади. Дастлаб фойдаланишга топширилган 18 та уйда тўлиқ коммуникация тизимлари яратилган. Ҳозирда иккинчи бўлимда ҳам коммуникация тармоқларини тортиш, иссиқлик тизими бўйича янги қозонхона қуриш ишлари дастурга киритилиб, тендер эълон қилинган. Массивда биринчи босқичда фойдаланишга топширилган уйлар алоҳида иситиш тизимига уланган бўлса, бош режага ўзгартириш киритилиб, кейин қурилаётган уйлар учун қозонхона орқали иситиш тизими жорий этилади.
Масъулнинг маълумотларига кўра, ҳозиргача массивда 570 хонадонга мўлжалланган уйлар тайёр ва бу уйларда 300 оила истиқомат қилмоқда. Табиий газ тармоғи тортиш ишлари бошланган, кейинги йилда алоҳида электр энергия тармоғи тортилади. Хонадонларда яшовчи фуқаролар табиий газ босими пастлигини айтмаганда бошқа муаммо йўқлигини билдиришди.
- Биз туманнинг Ўрамас маҳалласида кўп қаватли уй қуряпмиз, лекин туман ҳокимлиги ва қурилиш масъуллари массивдаги ортда қолаётган қурилишни ишониб топширишди, - дейди “Urgcharm natural lexxer” масъулияти чекланган жамияти директори Раҳмат Муҳаммадиев. – Ҳужжатга кўра, бу объект 2024 йил июнь ойида фойдаланишга топширилиши белгиланган, аммо ҳанузгача қурилиш ишлари бошланмаган. Объектни қабул қилиб олгач, ҳужжат ишлари ва ертўла қисми қурилишига бироз кўп муддат кетди. Ҳозир тўққиз қаватли уйнинг учинчи қаватини кўтаряпмиз. Йил якунигача бинони топшириш ҳаракатидамиз.
Массивнинг қурилиш ишлари тугалланган қисмини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, йўлларни асфальт-бетонлаштириш ишларига киришилади.
- Массивимизда қурилаётган кўп қаватли уй-жойларда тўлиқ энергия тежамкорлиги бўйича режалар ишлаб чиқилган, - дейди Ф.Жамолов. – Биноларнинг ташқи қисми базальт толали қопламалар қилинди, уйларни фойдаланишга қабул қилишда умумий том қисмининг ярмига тенг қисмига қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Бу ўртача 20-25 кВтгача электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бундан ташқари, ҳар бир кўп қаватли уйнинг том қисмига биттадан қуёш коллектори ўрнатилмоқда.
Ўктам Худойбердиев.