«Янги Ўзбекистон»: Қурилишлар нега ортда қоляпти?
Ургутнинг яқин келажакдаги юзи бўлиши кутилаётган тумандаги «Янги Ўзбекистон» массивида 2022-2026 йилларда қарийб 40 гектар майдонда 58 та кўп қаватли уй-жой, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа иншоотлар қурилиши режалаштирилган.
Жорий йилда 831 та хонадонли 14 та кўп қаватли уй қуриб фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Аммо ўтган йилларда қурилиши кеч қолган ёки суст ишлаган қурилиш корхоналари томонидан массивдаги 2361 та хонадонли 38 та турар жойда ишлар давом эттирилмоқда. Ҳозиргача 204 хонадонли 3 та кўп қаватли уй-жой фойдаланишга топширилган бўлса, тез орада яна битта 9 қаватли уй-жойга аҳоли кўчиб киради.
Массивда қурилаётган кўп қаватли уйларнинг ташқи қисмига базальт толали қопламалар ёпиштирилиб, томига ўртача 20-25 кВт электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга қуёш панеллари, биттадан қуёш коллектори ўрнатилмоқда.
Маълумотларда барча бунёдкорлик ишлари режадагидек кетаётгани кўринади. Хўш, аслида-чи?
Бугунги кунда барчанинг диққат-эътибори бунёд этилаётган массивларга қаратилган бир вақтда, уларнинг ўз вақтида фойдаланишга топширилмаётганини сабаби нимада? Камига тайёр, яшаш мумкин деб кўрсатилган хонадонларда кадастр ҳужжатларининг йўқлиги, оддий санитария-гигиена шароитларнинг йўқлиги аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?
Тўғри, икки йилдан буён тендерда ғолиб бўлиб, уй-жой қуришни зиммасига олган айрим қурилиш корхоналари билан тузилган шартномалар бекор қилиниб, объектлар бошқа қурувчиларга берилгани ҳам сабаблардан бири бўлиши мумкин.

- Массивда 2 та мактаб, 4 та болалар боғчаси, давлат ва хусусий поликлиникалар қурилади, - дейди «Афросиёб-Мароқанд» бошқарув сервис компанияси бошлиғи Азиз Жамолов. - Ҳозирда биттадан мактаб ва боғча фойдаланишга топширилган. Бундан ташқари, маиший хизмат объектлари, савдо маркази, ҳаммом, экобозор қурилади. Фойдаланишга топширилган 18 та кўп қаватли уйларда тўлиқ коммуникация тизимлари яратилган. Массивда биринчи босқичда фойдаланишга топширилган уйлар алоҳида иситиш тизимига уланган бўлса, бош режага ўзгартириш киритилиб, кейинги йилларда қурилаётган уйларда иситиш тизими жорий этилади.
Айни вақтда 16 та кўп қаватли уй ва 1 та умумтаълим мактаб марказлашган ҳолда иситилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, иссиқлик тарқатувчи пунктлар (ИТП)га қуввати кам бўлган моторлар ўрнатилгани сабабли хонадонлардаги иситиш радиаторларига сув етказиб берилмаган. Айрим уйларда эса 6-қаватдаги хонадонларгача иситилган, холос. Шунингдек, ўтган йили фақатгина 3 та кўп қаватли уй-жойларнинг сув узатиш мосламаси ишлаган бўлса, бу йил уларга 3 та қўшилди. Бу эса етарли бўлмади.
- Айни вақтда 16 та кўп қаватли уйга 9 та иссиқлик тарқатувчи пункт ўрнатилган, - дейди «Иссиқлик таъминоти» МЧЖ туман бўлими бошлиғи Альберт Холиқов. – Аммо иссиқ сув узатиш муаммо бўляпти. Ўтган йили қурувчилар томонидан 9 та уйнинг ИТПлари нотўғри ўрнатилгани сабабли уйларга иссиқлик етиб бормаган. Шунингдек, битта қозонхонада етарлича табиий газ таъминоти берилмаганлиги туфайли мазкур объект кўнгилдагидек ишлатилмади. Марказий қозонхонага уланиши лозим бўлган бир нечта уйда яшовчилар эса ноқонуний тарзда газ қувурлари тортиб, икки контурли печлардан фойдаланишган.
Яна бир гап. Қурувчилар томонидан бир қатор уйларнинг кадастр ҳужжатлари қилинмаган. Бироқ мазкур хонадонларда аҳоли яшамоқда. Масалан, «Қурилишинвест» МЧЖ томонидан қурилган 4 та кўп қаватли уйги 80 та хонадонга кадастр ҳужжатлари берилмаган. Массивнинг қурилиш ишлари тугалланган қисмида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари кўнгилдагидек эмас. Айрим кўча ва йўллар энсиз асфальт қилинганидан қарама-қарши келган машиналарнинг бири тўхтаб туришига тўғри келади.

- Уйнинг фойдаланишга топширилганига 2-3 йил бўлган бўлса-да, ҳанузгача кадастр ҳужжати йўқ, - дейди Б.Бобоёров. – Оқова сув, электр энергияси, тоза сув ва бошқа тармоқлар меъёрида ишлайди. Иссиқлик тизими йўқлигидан икки контурли печдан фойдаланамиз. Энг қизиғи, қурувчилар бирорта хонадонга дудбўрон ўрнатмай кетишган. Хоналаримиз шифтлари намлик юқорилигидан моғорлаб кетган. Қурувчилар ҳатто ертўланинг шамоллатиш тизимини ҳам нотўғри ўрнатган шекилли, доим оқова сувга тўла бўлади. Шундан намлик юқори қаватларгача кўтарилиб бормоқда.
Уйларга рақамлар берилмаган, аҳоли қайси уй ва хонадонда яшашини айтиб беролмайди. Йўл четидаги канализация қудуқларининг қопқоқлари йўқлигидан турли маиший чиқиндилар билан тўлган.
«Янги Ўзбекистон»нинг асосий муаммоларидан бири – Ўрамас маҳалласида бунёд этилаётган, бугунги кунда «туя гўшти еган» замонавий оқова тозалаш иншооти қурилиши кечга қолаётганидир. Шу пайтгача туманнинг Мирзақишлоқ маҳалласида жойлашган бир кунда 1 минг куб ҳажмдаги оқовани тозаловчи иншооти 18 та кўп қаватли уйда яшовчи аҳолига хизмат қилиб келган. Унинг чала тозаланган суви эса Янгиариқ каналига ташланган. Энди уйлар сони 52 тага етказилиб, тизимдан фойдаланувчилар сони кўпайган сари мазкур иншоотни кучи етмай қоляпти. Шу сабабдан 3 йил илгари 9 километр узоқликдаги Ўрамас маҳалласи ҳудудидаги 3.30 гектар майдонда замонавий сувоқова тозалаш иншооти қурилиши бошланганди. Қурилиш ишлари «Ишонч-инжиниринг» МЧЖ томонидан олиб борилиб, дастлаб лойиҳа қиймати 46 миллиард сўм бўлган эди. Энди қурувчилар лойиҳада ўзгаришлар қилгач, ишларни тўлиқ якунлаш учун яна 16 миллиард сўм зарур.

- Агар мазкур иншоот ишга туширилса, вилоятда ягона бўлади, - дейди “Самарқанд сув таъминот” АЖ Ургут тумани бўлими мутахассиси Яшин Қаршиев. – Олтита ёпиқ тозалаш ҳовузига ўрнатилган ускуналар ёрдамида кунига 10 минг куб ҳажмдаги сувни тозалаш имконияти бор. Айни вақтда Мирзақишлоқдаги кичик иншоотдан бу ергача қарийб 11,8 километр масофага ерости оқова тармоғи тортиб келинди.
Бироқ, иншоот жорий йилнинг май ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган бўлса-да, ҳозиргача 70-75 фоиз ишлар бажарилган. Турли сабаблар билан белгиланган муддатдан ҳам 7 ой ўтиб кетибди. Хориждан келиши лозим бўлган йирик қозонлари ҳали келгани йўқ.
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.