Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!

Самарқанд вилояти маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар,

хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг вилоят аҳлига

МУРОЖААТИ

Азиз самарқандликлар!

Бугун дунё миқёсида сувдан, тупроқдан нотўғри фойдаланиш, экологик жиҳатдан зарарли технологияларни қўллаш оқибатида сайёрамизда иқлим ўзгариб, биохилма-хиллик йўқолиб бормоқда.

Шунинг учун ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда
БМТ минбаридан инсоният ҳаётига таҳдид солаётган иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишини бартараф этишга доир муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдириб, устувор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди.

Биз – бугун жаҳон туризми марказига айланиб бораётган  Самарқанд вилояти фаоллари  Президентимизнинг ана шу ташаббусидан руҳланиб, барча самарқандликларни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик !” деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

Ушбу мавсумда вилоятимизда 7 миллион туп кўчат экишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун етарли миқдорда дарахт ва бута кўчатлари захираси яратилган.

Қадрли юртдошлар!

Миллий қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда, оилада фарзанд дунёга келганида унга атаб кўчат экиш, ҳашар йўли билан боғ-роғлар яратиш, иморатлар атрофини кўкаламзорлаштириш каби эзгу анъаналаримизга ҳамоҳанг тарзда юртимизда ҳар бир хонадон томонидан 20 туп кўчат экиш ва ўстириш ташаббусини қўллаб-қувватлашга ва унда фаол иштирок этишга чақирамиз.

Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тўй ва бошқа яхши кунларида ниҳол экишини анъанага айлантирамиз.

Қадрли маҳалла фаоллари, кўчабоши ва уйбошилар!

Ўзимиз яшаб турган маҳаллани обод қилиш, саранжом-саришта масканга айлантириш, аввало, сизларнинг фидойилигингизга боғлиқ. Шу боис маҳалладаги бўш турган жойлар, ариқ ёқалари ва майдонларда дарахт кўчатлари ўтқазишда ташаббускор бўлайлик. Бу ишга катта-ю кичикни жалб этайлик! Маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигини кучайтириб, ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтирайлик. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “маҳалла боғлари”ни яратишимиз, яшил ҳудудларни кўпайтиришимиз, шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз ва кўчамизни обод қилишимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.

Экилган ҳар бир ниҳолни парваришлаш ва сақлашда маҳалла фаоллари, бошқарув-сервис компаниялари жонбозлик кўрсатиши лозим. Бунинг учун “маҳалла еттилиги”, кўчабоши ва уйбошилар ҳамда хонадон эгаларини масъул сифатида бириктириш мақсадга мувофиқдир.

Муҳтарам нуронийлар!

Сизларнинг ҳаётий тажрибангиз, дуо ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша катта таянч ва суянч бўлиб келмоқда.

Самарқандлик нуронийлардан маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, аҳоли томонидан кўчатларни намунали экишни ташкиллаштиришда янада фаоллик ва ташаббус кутамиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳим.

Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари!

Ерга меҳр бериш, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш, кўчат экиб, боғ яратишда сизларнинг тажрибангиз катта. Бугун ана шу тажрибани ишга соладиган, уни бошқаларга ўргатадиган палла.

Шундан келиб чиқиб дала четлари, томорқаларда кўчат экишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратиш лозим.

Ҳар бир хонадон эгаси ўз томорқасига, маҳалла ва кўчасига 10 тупдан кўчат экса айни муддао бўларди.

Фермерларимиз “Бир дала – бир маҳсулот” тамойили асосида ўз ҳудудига тут, ток, терак ва бошқа кўчатларни экса, ҳар бир қарич еримиз боғ-роғларга айланади.

Қадрли зиёлилар, фан, адабиёт, санъат намояндалари ва  спортчилар!

Жонажон Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизларнинг фаол иштирокингиз муҳим.

Сиз каби эл таниган ижод аҳлига, зиёлилар ҳамда спорт юлдузларига вилоятимиз ёшлари ўзгача ҳавас билан қарайди. Шундай экан, юртимизда амалга оширилаётган кузги дарахт экиш мавсумида сизлардан янги-янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар ҳамда шахсий намуна кутиб қоламиз!

Мўътабар онахонлар, азиз опа-сингиллар!

Хонадонимиз, маҳалламиз файзу таровати сиз билан гўзалдир!

Табиат ҳам она каби муқаддас! Она ва табиат тушунчалари бир-бирига ҳамоҳангдир. Онани қандай эъзозласак, табиатни ҳам шундай қадрлашни фарзандларимиз онгу шуурига чуқур сингдирайлик!

Токи, зурриётларимиз ота-боболаримиз сингари боғу бўстонлар яратувчиси, она табиат ҳимоячиси бўлсин! Шундагина табиатни асл ҳолидек сақлаб, уни келажак авлодга безавол етказишга эришамиз.

Маҳаллаларда “Оналар боғи” ташкил этиш ташаббусини ҳам қўллаб-қувватлаб, вилоятимизда кенг жорий этамиз. Бу ишларда вилоятимиздаги 1126 маҳалла хотин-қизлари фаол иштирок этишларига ишонамиз.

Азиз ёшлар!

Сизлар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор кучисиз! Халқимиз кўзлаётган юксак марраларга эришишда ақл-заковатингиз, ғайрат-шижоатингиз, она Ватанга бўлган садоқатингиз беқиёсдир.

Она заминимизга меҳр беринг! Нурли келажак учун бугундан бошлаб ўз хонадонингиз, кўчангиз, маҳаллангизда ниҳолингизни экинг, ҳудудда “Ёшлар боғи”ни ташкил этишда ташаббус кўрсатинг!

Азиз самарқандликлар!

Дарахт экиш ва уни парваришлашни мажбурият эмас, қадрият сифатида қабул қилайлик!

Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик!