Янгича яшашга интиляпмиз, бунга эришиш учун янгича ишлашга ҳам ўрганишимиз керак

Баъзида ёши улуғ кишиларнинг фарзанд ва набираларига ёки шогирдларига “Бизнинг вақтимиз ўтди энди, бугуннинг йўриғи бошқа, сизлар янгича яшашингиз керак” деган гапларини эшитиб қоламиз. Ёки айрим кишиларнинг “Замон ўзгариб кетди, бизнинг қарашларимиз бугунга тўғри келмайди” деган сўзларига жавобан “Замон эмас, одамлар ўзгариб кетди” тарзидаги жавобларни эшитамиз.
Умуман, ҳаёт ҳақида, одамлар ва жамият тўғрисида доим ҳаммада турли хил фикрлар бўлган. Бир кишининг фикри, нуқтаи назари бошқа бировникига тўғри келмаслиги мумкин ва бу табиий ҳол.
Ҳар ким дунёни, ҳаётни ўз билганича, англаганича идрок қилади. Шундан келиб чиқиб, умр, ҳаёт ҳақида тасаввур ва тушунчалари пайдо бўлади. Муҳими, ана шу фикрни айтиб туришда, бошқалар билан баҳам кўришда.
Дунёга келиб, ўзини англаган инсон борки, яхши яшашга, бахтли яшашга интилади. “Яхши яшаш”, “бахтли яшаш” деган тушунчалар борасида ҳам ҳамманинг ўз фикри бор. Биров бутун оила жамулжамлигини, саломатлигини, хотиржамликни яхши яшашнинг асоси деб билса, бошқа биров тўкин-сочин турмуш тарзи, доим одамларнинг эътиборида бўлишни бахтли ҳаёт мезони деб билади. Яна шундай кишилар борки, улар учун одамларга эзгулик улашиш, бировнинг ҳожатини чиқариш, яхшилик қилиш умр мазмуни, бахтли ҳаётнинг асоси.
Ён-атрофимизда ушбу тоифадаги кишиларни кўрамиз, улар билан ҳамсуҳбат бўламиз, ҳаётини кузатамиз ва бундан хулоса қиламиз.
Вақтида фарзандларига меҳр бермай билагидаги кучига, мансабига ишонган ота бугун болаларининг эътиборсизлигидан нолийди. Ҳатто болаларининг устидан шикоят қилиб, турли идораларнинг эшигини қоқади. Қонун нуқтаи назаридан ота ҳақ, фарзандлар унга ғамхўрлик қилиши керак. Аммо ўз падарининг эътиборини, ғамхўрлигини сезмай улғайган болалар қандай қилиб унга меҳр беради, қанақа мурувват кўрсатади?
Мана, нима учун оила деган муқаддас қўрғонга алоҳида эътибор қаратилади, асраб-авайлашга даъват этилади!
Бугун битта оилада шундай ҳолат юзага келса, эртага бошқасида намоён бўла бошлайди. Яратган мана шундай кўргуликдан асрасин!
Жамиятдаги ўзгаришлар, муносабатлар, анъана ва қадриятлар ҳам ўша жамият аъзолари ҳаётида албатта, ўз аксини топади. Шунинг учун баъзида ота-онамиз, ёши катта кишилар “бизнинг вақтимизда қўни-қўшнилар, қариндошлар ўртасида меҳр кучли эди, бир-биримизнинг ҳолимиздан хабардор бўлиб турардик” деб ёшликларини қўмсаб қолишади. “Тўй-маъракаларимиз мол-давлатини кўз-кўз қилиш, қудратини кўрсатиб қўйиш воситаси эмас, шунчаки эл олдидан ўтиш, яхши кунимизни халқ билан баҳам кўриш, ташвишли кунларимизда уларнинг далдасидан баҳраманд бўлиш эди” деган гапни ҳам кўп эшитамиз. Ва бу фикрларга жавобан “ҳозир замон бошқача-да” деб қўямиз. Балки яна эллик-юз йилдан кейин бугунги кунлар ҳақида ҳам шундай фикрлар айтилар, бугунги замон қарашлари ўша кунларга тўғри келмас.
Тўғри, давр, замон зайли одамлар ҳаётига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди (отанинг фикри болага тўғри келмайди, деган гапда ҳам жон бордир). Одамлар турмуш тарзи, бир-бирига муносабати улар яшаб турган жамиятнинг ҳосиласидир.
Аммо барибир ҳар бир миллат, халқнинг асрлар ўтса-да, бир неча авлодлар алмашса-да, ўзгармайдиган қадриятлари, ўзига хос турмуш маданияти бўлади ва у қондан қонга, аждодлардан авлодларга ўтаверади. Буни инкор этиб бўлмайди. Сиз дунёнинг қайси давлатида, қандай тузумдаги шароитда, қандай халқ билан яшасангиз-да қонингиздаги ўзига хос хислату фазилатлар, ота-боболарингизнинг турмуш тарзи, ҳаётга муносабати сизнинг ҳаётингизда, юриш-туришингизда ҳам акс этаверади. Айримлар буни инкор этишга уринса-да бу ҳақиқат.
Яшаш – жасорат, деб ёзган эди машҳур шоирларимиздан бири. Ҳа, яшаш, тўғри яшаш – жасорат, ҳам масъулият. Бу ота-она учун фарзандлар олдидаги масъулият, фарзандлар учун ота-она, ака-ука, опа-сингил олдидаги масъулият. Ўз навбатида оиланинг жамият олдаги масъулияти бу.
Тўкин ҳаёт, бировдан кам бўлмай яшаш - бу ҳали янгича яшаш дегани эмас. Ота-она зурриёдини тўғри тарбиялаб, яхши ўқитиб, яхши едириб-ичириб вояга етказишни истайди. Улар бунга бурчли. Лекин ота-она фарзандига гўзал хулқ, яхши одобдан бўлак давлат, бойлик беролмаслиги ҳақиқат. Чунки бу бойлик, мерос қондан қонга ўтади. Бергандаям улар яхши яшаш учун асос бўлмаслиги мумкин. Бунга ҳам ён-атрофимизда ҳаётий мисоллар бисёр.
Яна бир нозик масала – жамиятдан нолиш, даврдан норизо бўлиш кайфияти. Қачонки, биз ўзимизнинг дунёқарашимизни, фикримизни ўзгартирсаккина жамиятдаги ўзгаришларга туртки бўламиз. Жамиятни ҳеч ким четдан келиб яратмайди, уни ўзимиз, шу жамият аъзолари ўз ҳаёти, яшаш тарзи, хатти-ҳаракатлари билан яратади.
Ўтган ҳафта Самарқандга ташриф буюрган давлатимиз раҳбари жойларда кечаётган ислоҳотлар жараёнлари билан танишди, янги режалар белгиланди. Вилоят фаоллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев “Барчамиз янгича яшашга интиляпмиз, бу яхши албатта. Энди янгича ишлашга ҳам ўрганишимиз керак” деб таъкидлади. Тўғри-да замонга мос бўлиб, бахтли, фаровон яшашни истаган инсон шунга яраша меҳнат қилиши, ҳаракатда бўлиши керак.
Ғолиб Ҳасанов.