Бугуннинг гапи

Ижтимоий тармоқлар авж ола бошлагач, одамлар аввалига ўз суратини, сўнгра дўстлари, оиласи даврасида тушган суратларини жойлай бошлашди. Кейин эса қайси ресторанда овқатлангани, қандай таом еганини мақтайдиган бўлди.
Инсон табиатида мақтанчоқлик хусусияти бор, у доим яқинларига турмуш тарзида рўй бераётган ўзгаришларни билдириб туришни яхши кўради. Мана шу мақтанчоқлик ижтимоий тармоқларга кўчгач, “лайк”ларга қувонган айрим одамлар чет элда дам олаётгани ёки янги автомашина сотиб олганини кўрсата бошлади.
Айниқса, санъаткорлар шахсий ҳаётини мақтаб, одамлар тилига тушди. Масалан, бир санъаткор қизимиз турмушга чиққач, куёв унга яшаётган уйининг иккинчи қаватини тўлдириб кийим-кечак, тақинчоқ, сумка ва бошқа нарсалар совға қилганини видеога олиб тарқатди. Тасаввур қиляпсизми, иккинчи қаватдаги барча хоналар кийим-кечакли гардероб. Бунинг ортидан қанча оилада жанжал бўлганини тахмин қилаверинг.
Майли, санъаткор қизимиз бахтли бўлсин, аммо шахсий ҳаётни одамларга кўз-кўзлаш яхши эмас. Ҳатто ота-боболаримиз бева аёлларнинг кўнгли ўксимасин, деб ўз жуфти билан кўчада ёнма-ён юрмаган. Масаланинг иккинчи томони, аввало, инсон ўзини ҳар қандай ёмонликлардан асрамоғи керак. Кўз тегиши деган гап ҳам бекорга айтилмаган. Лекин бизнинг бугунги санъаткорларимиз турмуш ўртоғига қанақа машина совға қилгани ёки аксинча турмуш ўртоғи туғилган кунига нима совға қилганини ҳаммага мақташдан тийила олмаяпти.
Кейинги пайтларда шахсий ҳаётини кўз-кўзлаш ортидан айримлар асл ҳаётдан узоқ ахборотлар ҳам тарқатадиган бўлди. Бу ҳақда турли роликлар ҳам олина бошлади. Яқинда шундай лавҳалардан бирини кўриб қолдим. Унинг бошланиш сценарийси қуйидагича:
Шоҳона уйнинг иккинчи қаватидан ёш жувон телефонда дугонаси билан гаплашиб пастга тушяпти. “Бўпти, дугон, эрим ишдан келди, кутиб олмасам минғирлайди”, деб телефонни ўчирди. Аёл эрини хушламайгина кутиб олди.
- Нима бўлди сенга, кайфиятинг йўқ? – деб сўради эр.
- Бугун дугоналарим билан ўтиргандим, ҳаммасида фалон машина (машинасининг номи эсимда қолмади). Мен бечорада бўлса Kia. (Энди гапнинг зўр жойини эшитинг) Мен сизнинг чўрингизманми, қачонгача Kiaда юраман?
Эр бечора нима деяпти денг: “Сабр қил, яқинда олиб бераман, айтган машинангни”.
Бундай лавҳаларни кўрганлар қачондан бери ҳаёт бу қадар шоҳона бўлиб кетибди, демайдими? Деса ҳам майли, бундай роликларга ишонаётганлар қанча? Яқинда бир киши интервью беряпти.
- Ёшим 52 да. Аёлим ижтимоий тармоқлардаги тўкин ҳаётни кўриб, мен билан ажрашяпти. Унинг фикрича, ҳамма зўр яшаётган эмиш. Энди мен нима қилай?
Мана шахсий ҳаётни кўз-кўз қилиш, уни бўрттириб кўрсатиш қандай оқибатларга олиб келади. Авваллари 40-50 ёшда ажрашишлар деярли кузатилмасди. Ёшлар келиша олмаса 3-5 йилда ажрашиб кетарди. Аммо, болалари улғайиб, оила қурган бўлса, бундай оилаларда ажримлар бўлмасди. Энди эса ёши катта эр-хотинлар ҳам арзимас нарсага ажрашиб кетяпти.
Миллий статистика қўмитасининг хабарига кўра, Ўзбекистонда жорий йилнинг олти ойи давомида никоҳдан ўтганлар сони камайиб, ажримлар сони кўпайган.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг январь-июнь ойларида қайд этилган никоҳлар сони 95,3 мингтани ташкил этган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уларнинг сони 2,1 мингтага камайган.
Шу билан бирга, илк ярим йилликда 23,3 минг эр-хотин ажрашган, бу ўтган йилга нисбатан 0,8 мингтага кўп дегани. Ажралишларнинг аксарияти шаҳарларда қайд этилган. 14,1 минг эр-хотин (60,6 фоиз) шаҳарда, 9,2 минг жуфтлик қишлоқ жойларда ажрашган (39,4 фоиз).
Ҳудудлар кесимида энг кўп никоҳдан ажрашиш ҳолати Тошкент шаҳрида (1,5 минг) кузатилган. Никоҳдан ажралиш бўйича энг паст кўрсаткич (310 та) Навоий вилоятида қайд этилган.
Инстаграм ёлғондан иборат
Санъаткорлар ҳаёти ўз йўлига, аммо уларга кўпроқ ёшлар тақлид қилади. Ҳатто аранг арзон лапша еб юрган талабалар ҳам ўз профилига шундай сурат ва видеолар жойлайдики, ишонмасдан иложингиз йўқ.
- Курсдошларимиздан бири туғилган кунига гул совға олса, гуруҳимиздаги барча қизлар ўша гул билан суратга тушади ва уни инстаграмга жойлайди, - дейди талаба йигитлардан бири. – Бу ҳол ҳар сафар такрорланади. Четдан билмаган одам бу қиз йигитидан тез-тез гул олиб турар экан, деб ўйлайди. Буни фақат биз курсдошлар биламиз. Қизлар атайин бошқа дугоналарига мақтаниш учун шундай қилади.
- Қизнинг севган йигити бўлса-чи, унга нима дейди? – деб сўрадим талабадан.
- Йигити сўраса, нақ балога қолади. Сиз гул олиб бермаганингиз учун дугонамнинг гулини олиб суратга тушдим, дейди. Шунинг учун йигити суратга индамайгина “лайк” босиб қўяди. Инстаграм – ёлғон ҳаёт дегани.
Орамизда мана шундай ёлғон ҳаёт домига тушиб қолаётганлар кўпайиб бормоқда. Айниқса, инстаграм тармоғи шахсий ҳаётни, тўкин, дабдабали турмушни реклама қиляпти. Кимдир ўзида борини, кимдир йўғини ижтимоий тармоққа жойлаш билан овора.
Асл ҳаётини кўрсангиз ҳаммаси бошқача. Ачинарлиси, ижтимоий тармоққа боғланиб қолганлар ўзидаги бор бахтни ҳис қилмай қўяётганидир. Инстаграмга кирмасимдан олдин бахтли эдим, дейдиганлар ҳам учраб турибди. Аслида ўша бекаму-кўст ҳаётини мақтайдиганларда бахт, хотиржамлик йўқ. Масалан, бадавлат танишларимдан бири яқинда турмушидаги муаммоларини айтиб берди. Рости, ачиниб кетдим. Ўша аёлнинг инстаграмдаги тўкис ҳаётига ҳавас қилиб юрганлар унда шунча муаммо борлигини билмайди. Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқдаги ҳамма нарсага ҳам ишонавермаслик керак.
Ўзини жуда ночор ҳис қилаётганлар, ижтимоий тармоқлардаги дабдабали ҳаётга алданиб, ўз бахтини бой бераётганлар шуни тушуниб етишларини истардимки, сизнинг бу дунёда яшаётганингиз бахт. Бахт бойликда эмас, бахт – қаноатда. Ўқинг, ўрганинг, изланинг, ўз ҳаётингизда яшанг. Майли, ютуқларингиз бўлса, уларни дўстларингизга улашинг. Диплом, сертификат олсангиз ёки бирор танловда ғолиб бўлсангиз, мақтанинг. Борингки, ибрат учун бирор ўқиган китобингизни ўқишга тавсия қилинг. Аммо ёлғон ҳаётга алданманг, бошқаларни ҳам алдаманг. Сизнинг ёлғонингиз кимнидир оиласини бузишга, болаларини етим қолдиришга сабаб бўлмасин.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.