Янгиқўрғондаги масалалар юзасидан депутатлик сўровлари юборилди

Президентимизнинг жорий йил 15-16 апрель кунлари вилоятимизга ташрифи давомида ҳамда вилоят фаоллари йиғилишида берган топшириқлари асосида сектор раҳбарлари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари билан биргаликда «маҳаллабай» тизимда фуқаролар мурожаатларини ўрганиб, муаммоларини ҳал этишга ҳаракат қилинмоқда.
Жумладан, вилоят Кенгаши депутати сифатида ўзим сайланган Янгиқўрғон сайлов округи ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи аҳоли билан учрашиб, уларни қийнаб келаётган муаммо ва камчиликларни ўрганяпман.
Оқдарё туманидаги Темирак ҳамда Янгиравот-1 маҳаллаларида бўлиб ўтган фуқаролар билан учрашувларда электр энергияси ва табиий газдаги узилишлар, тоза ичимлик сувининг етишмаслиги ҳамда теварак-атрофда пайдо бўлаётган ноқонуний чиқиндихоналар масаласида кўплаб саволлар тушди. Шунингдек, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ҳамда «Аёллар дафтари»га киритилган фуқароларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш, ишсизларни ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича мурожаатларини ҳам қайд қилдим.
Тумандаги Чуқур қишлоғи фуқаролари фарзандлари серқатнов автомобиль йўлини кесиб ўтиб, 43-умумий ўрта таълим мактабига келишида қийинчиликларга дуч келиб, пиёдалар ўтиш йўлаги, зарур йўл белгилари йўқлиги туфайли йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлаётган экан.
Темирак маҳалласида яшовчи Н.Мардиев қишлоғидаги электр нимстанциясининг 1960 йилда ўрнатилгани, симёғочларнинг фойдаланишга яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги бўйича мурожаат қилди. Маълум бўлишича, бузилиб қолган, маънавий эскирган электр тармоқларини қишлоқ аҳолиси пул йиғиб, ўзлари таъмирлашмоқда.
Юқорида келтирилган масалалар юзасидан «Самарқанд автойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш бошқармаси ҳамда «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раҳбарларига депутатлик сўровлари юбордим. Маҳаллий даражадаги бошқа муаммолар туман ҳокимлиги билан келишилган ҳолда ҳал этиладиган бўлди.
Гулзода НЕГМАТОВА,
халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати.