Япония Бош вазири Синдзо Абэ истеъфога чиқишини маълум қилди

Япония Бош вазири Синдзо Абэ ҳукмрон блокка ўзининг истеъфога чиқиш қарорини маълум қилди. У ўз вазифасини ўринбосар тайинлангунига қадар давом эттиради. Бу ҳақда “Киодо” агентлиги хабар берди. 

Бироз илгари ОАВда сиёсатчининг саломатлиги ёмонлашгани ҳақида хабар берилган эди.

“Абэ билан учрашган вакилларнинг бири истеъфога эълон берилишининг сабаби хасталик туфайли тўғри қарорлар қабул қила олмаслик”, деб таъкидланган “Киодо” хабарида.

Синдзо Абэ ошқозон хасталиги – йўғон ичак пардасининг сурункали яллиғланишидан азият чекиб келади. Ушбу хасталик 2007 йилда ҳам унинг истеъфога чиқишига сабаб бўлган. Бироқ 2012 йилда хасталик чекинганидан сўнг Абэ яна Бош вазир лавозимига сайланган эди.

24 август куни Абэ Япония Бош вазири лавозимини эгаллаганига 2799 кун бўлди, ушбу муддат уни Япония ҳукуматига энг узоқ вақт раҳбарлик қилган инсонга айлантирди.