Япониядаги ватандошдан хат: Бирор марта “бу фалон жойлик”, “бу пойтахтлик” деган гапни кўрмадим

Японияда янги йилни 1-куни зилзила бўлганлиги ҳақида хабар берган эдим. 7 баллик зилзилада ўлганлар сони 100 нафардан ошди. Бир хил зилзилада Туркияда 50 мингдан ошган эди. Японларни қурилиш сифати зўрлиги, назорат кабилар ҳақида гапирмоқчи эмасман. Бир қатор бошқа жиҳатларга тўхталмоқчиман.

Шу зилзила бўлгани сабабли, бошқаларни муносабати ҳақида гапирмоқчиман. 

Японияда янги йилдан кейин "Шинненкаи" жуда оммалашган. Шинненкаи дегани - Янги йилни яхши кутиб олиш учун компания ҳодимлари учун уюштириладиган базм. Олдин айтганимдек, Япониядаги базмлар "Канпаи" билан бошланади. "Канпаи" дегани биздаги "Қани олдик" дегандек гап. 

Хуллас, ҳозир, шунақа базмлар, байрамлар, "Канпаи" деб бошлаб, ўлгунча ичадиган базмлар мавсуми. Аммо, Японларни шу ҳислатини ҳурмат қилдим. Қанчалик муҳим тадбир, базм бўлмасин Японлар ҳар тадбирни "Мотам" билан бошлашаябди. "Япониянинг фалон ҳудудида 100 киши ўлди, байрам қилиш ярашмайди" деб ҳар бир тадбирини, нишонлаш билан эмас, ўлганларни, ўша ҳудуддаги одамларни эслаш билан бошлашяпти. Хурсандчилик, ўйин-кулгу қилишмаябди. Тўй-базмларни рад қилишяпти. 

Шуларни кўриб, ҳақиқий жамият, бир-бирини хурмат қилиш, бир халқ бўлиш, бир ёқадан бош чиқариш нималигини тушундим. Тасаввур қилинг, Сурхондарёда нимадир фалокат бўлса, Тошкентда туриб ҳамдард бўла оласизми? 

Яқинда, бир санъаткор чиқиб, "Вилоятликлар Тошкентни ҳавосини булғаябди" деганда жинни бўлиб қолай дедим. "Ҳей, биттагина Токиода бутун Ўзбекистонни аҳолиси яшайди. Камига, 10 миллионга яқин хорижлик иммигрантлар яшайди, нималар деябсан" дегим келди. 

Японияда, Токиода 15 дақиқада "Прописка"га кирасиз. Қайси миллат, қайси вилоят вакили бўлишингизни фарқи йўқ. Шу пайтгача бирорта японни фалон вилоятлик, фалон жойдан деганини эшитмадим. Ҳақиқий жипс миллат бўла олишган. "Япониялик" деган брендни ярата олишган. Ҳудди "Америкалик" дегандeк.

 Нега биз ҳалигача "Ўзбекистонлик" деган бренди ярата олмадик? Вилоятлик, фалонлик-фустонлик деб бир-биримизни камситиш билан бандмиз. Негаки, сиёсий тизим учун шуниси қулай, халқ бирлаша олмаганлиги қулай. Бир-бирини ажратадиган, маҳаллийчилик урчиган жамият қулай! 

Эй, Ўзбекистонликлар бирлашайлик! Жойга қараб, вилоятга қараб ажратмайлик! Акс ҳолда, ҳолимиз танг. Японлар фалонда, Америкаликлар фалонда деб, ўзингизни алдаманг. Японлар ҳам арзимаган 50-60 йилда тўғри тизимни йўлга қўйиб, ҳозир дунёда биринчи рақамли миллатлардан бири бўлиб турибди. Эҳҳҳҳ....

Баҳодир Искандаров, Токио.