Япониялик сайёҳлар тантанали кутиб олинди
– Ўтган йил давомида ўнта чартер рейс орқали Япония фуқароларининг юртимизга саёҳати уюштирилган бўлса, бу йил қатновлар сонини 15 тага етказиш кўзда тутилган, – дейди Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Дилшод Нарзиқулов. –
Ушбу саёҳатлар орқали 3000 га яқин японияликнинг юртимизга келиши кутилмоқда. Сайёҳлар бир ҳафта давомида Самарқанд, Бухора, Хива ва Тошкент шаҳарларида бўлиб, тарихий-маданий ёдгорликлар, миллий анъана ва қадриятларимиз билан танишади. Бу йил сайёҳлик йўналишлари ва дастурларини меҳмонларнинг талаб ва истаклари асосида, уларнинг қизиқишларига қараб ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Япониялик сайёҳлар учун эртага кечки дастурда Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида маҳаллий уста-ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар, миллий либослар намойиши, фольклор жамоаларининг чиқишлари ҳамда 3D шоу томошаси режалаштирилган.
– Ўзбекистон, Самарқанд дейилса ҳар бир япониялик, аввало, қадимий Буюк ипак йўлини ёдга олади, – дейди “All season” туристик компанияси вакили Каваками Кодзухиса. – Шунинг учун бу мамлакатга келишга ҳавасманд кишилар бизда жуда кўп. Лекин шу пайтгача виза тартиблари туфайли кўпчилик саёҳатга чиқишга иккиланарди. Эндиликда Япония фуқароларига Ўзбекистонда бир ойгача визасиз тартибда бўлиш ҳуқуқининг берилиши сайёҳлар оқимининг анча кўпайишига имконият яратади.
Бахтиёр МУСТАНОВ.