Яқин Шарқда минтақавий уруш таҳдиди кучаяётгани айтилмоқда
Исроил назорати остидаги Жўлан тепаликларидаги футбол майдонига Ливандан қилинган ракета ҳужуми ортидан Исроил "Ҳизбуллоҳ" манзилларига жавоб зарбаси берди.
Исроил разведка маълумотларига кўра, Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи зарба учун масъул ва жавоб чоралари ваъда қилинмоқда.
"Ҳизбуллоҳ" бир неча ойки, Исроил ҳарбийларининг Фаластиндаги ўн минглаб болалар ва аёллар ўлимига сабаб бўлаётган ҳужумларини тўхтатишни талаб қилиб келаётганди.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу, шунингдек, "Ҳизбуллоҳ" зарба учун "катта нарх" тўлашини ва Исроилга қайтиш ва хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишига раислик қилиш учун АҚШга сафарини қисқартиришини маълум қилган.
Хавфсизлик кенгаши Нетаняҳу ҳукуматига ҳарбий жавобнинг "тарзи ва вақти" тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқини берди.
Бир кечада Исроил ҳарбийлари Ливандаги бир қатор нишонларга зарба берганини айтди, бироқ вайронагарчилик ва қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Ливан ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Бу Ҳабиб якшанба куни ҳукумат Вашингтондан вазиятни тинчлантириш учун Исроилни вазминликка ундашни сўраганини айтди.
Октябрь ойи бошидан бери Исроилнинг Ливандаги ҳаво ҳужумларида 500 дан ортиқ одам, асосан, "Ҳизбуллоҳ" аъзолари, шунингдек, 90 га яқин тинч аҳоли ҳалок бўлган. Исроил томонида эса 22 нафар аскар ва 24 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Айни вақтда кўплаб экспертлар минтақада "Ҳизбуллоҳ" ва Исроил ўртасида янги кенг кўламдаги уруш эҳтимолидан огоҳлантирмоқда.