Яширин иқтисодиётни қисқартириш тадбиркорларнинг очиқ, ҳалол, барқарор фаолият юритишини таъминлайди
Кейинги йилларда тадбиркорлик ривожи учун қўшимча қулайликлар яратилиши натижасида яширин иқтисодиёт улуши кескин камаймоқда. Хусусан, валюта бозори эркинлаштирилди, янги солиқ тизими жорий этилди, 100 га яқин рухсат бериш ва лицензиялаш қоидалари қисқартирилди. Натижада кейинги 5 йилда саноатда норасмий сектор улуши 20 фоиздан 6 фоизга тушди.
Бундай ўзгаришларни дирекциямиз ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрда қабул қилган “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эса тадбиркорларга янада изчил фаолият юритишлари учун қатор имкониятларни яратди. Фармон орқали бир қатор тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва переференциялар тақдим этилди.
Жумладан, 2021 йил 1 январдан 2022 йил 1 январгача умумий овқатланиш соҳасидаги кичик тадбиркорлик субъектларининг банк карталари ва контактсиз тўловлардан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслардан олинган даромадлари умумий даромадга киритилмайдиган бўлди. Шунингдек, риэлторлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 25 фоиздан 13 фоизгача пасайтирилади, қурилиш корхоналарига меҳнатга ҳақ тўлаш фонди жами миқдорининг 10 фоизидан ошмаган ҳажмда иш ҳақини нақд пулда тўлаш ҳуқуқи билан шартнома тузмасдан муддатли равишда ишчи ёллашга, хўжалик юритувчи субъектларга корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда товарларни (хизматларни) шартнома тузмасдан сотиб олишга рухсат берилади.
Хўш, тадбиркорлар бу имтиёзлар, хусусан, яширин иқтисодиётни қисқартирилиши натижасида жамиятга қандай наф келтиради?
Албатта, бу имкониятлар туфайли, аввало, иқтисодий ўсиш суръатлари жадаллашади, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажми ошади. Натижада тадбиркорлар ижтимоий соҳа, жумладан таълим ва таълим муассасалари, тиббиёт, транспорт инфратузилмасини янада яхшилашга кўмаклашади. Улар аҳолининг иқтисодий заиф қатламини қўллаб-қувватлаш ва бир қатор соҳаларни модернизация қилиниши орқали жамиятга фойда келтиради.
Жамшид Ҳайдаров,
“Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” ДУК директори, вилоят Кенгаши депутати.