Яхши қўшнига жон садаға

"Бор товоғим – кел товоғим" сингари ҳикмат ҳам яхши қўшничиликни ифодаловчи, борди-келдини назарда тутувчи бир ақида ҳисобланади. Ҳар қалай, ана шундай беғубор, бағрикенглик туйғулари билан йўғрилган, суяги қотган меҳр-муҳаббатли  кишилармиз.

Энди қўшничиликнинг ҳам ўзига хос ёзилмаган қонун-қоидалари борки, унга ҳар икки томон риоя қилишга, ўзаро ҳурмат билан жавоб беришга, кўникишига тўғри келади. Йўқса ўртадаги ҳали айтилган "Бор товоғим – кел товоғим"га дарз кетиши, синиши мумкин. Айтайлик, хонадон соҳиблари, хотин-халаж, фарзандлар ўртасидаги, ҳатто товуқдан тортиб сигир-бузоққача қўшничилик муносабатларининг ўзига хос тартиблари борки, унга ҳамма амал қилиши лозим. Оила, маҳалладан бошланган халқимизга хос яхши қўшничилик ришталари бугунги кунда мамлакатларни, халқларни бир-бири билан боғлашга, дўстлашишга, қолаверса, халқаро муносабатларни ҳам яхшилашга хизмат қилаётганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.

Ҳар қандай кишига биринчи бўлиб қўл узатсангиз, у сизга икки қўлини кўксига қўйиб пешвоз чиқади. Қўшничилик таомиллари ҳам ана шундай хусусиятга эга.


Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев парламентга Мурожаатномасида яхши қўшничилик ва халқаро муносабатларга устувор аҳамият қаратгани яққол сезилиб турди. Оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотларга қараганда, Юртбошимиз 2017 йил давомида 12 олий даражадаги ташрифни амалга оширган, 60 дан ортиқ давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари, вакиллари билан музокара ва учрашувлар ўтказди. Бундай учрашув ва музокаралар бесамар кетган эмас. 60 миллиард доллар ҳажмидаги савдо ва сармоявий шартномалар имзоланганлигини айтиш мумкин.


– Биз ҳаммамиз ҳам бир-биримиз билан яхши қўшничиликка дахлдормиз, яшаш тарзимиз шундай, – дейди профессор Мусо Йўлдошев. – Мамлакатимиз раҳбарининг шу кеча-кундузда қўшни давлатлар билан олиб бораётган сиёсати барча зиёлиларни ҳам қувонтирмоқда. Юртбошимиз БМТ минбаридан Ўзбекистон аввало, қўшни давлатлар билан яқин муносабатда бўлишини таъкидлади. Бу даъват нафақат диёримиз, балки халқаро ҳамжамият манфаатлари учун ҳам аҳамият касб этди. 
– Ўтган бир йил ичида яқин қўшниларимиз билан йўлга қўйилган алоқаларимиз боис одамларимиз онги, тафаккури ўзгарди, – дейди фахрий педагог Жамшид Насруллаев. – Бу ўзаро суҳбатларда, турли анжуманларда эътироф этилмоқда. Президентимизнинг яхши қўшничилик муносабатларини тиклашдаги саъй-ҳаракати маъқулланмоқда.
Яна Мурожаатномадан иштибоҳ:
Ўзбекистоннинг қўшничилик муносабатларини ўрнатишдан нафақат одамларимиз тафаккури ўзгарди, балки иқтисодиётимиз наф кўра бошлади. Масалан, биргина Қозоғистон билан ўзаро товар айрбошлаш кўрсаткичини 2 миллиард долларга етказиш мўлжалланмоқда. Қирғизистон билан чегара ҳудудлари бўйича ўн йиллар давомида ечилмай келаётган муаммолар ҳал этилди. Туркманистон ва Тожикистон халқлари ҳам Юртбошимиз ташаббусидан чексиз миннатдор бўлишмоқда.
Халқимизда бир гап бор: Ўзинг яхши – олам яхши. Ҳар қандай кишига биринчи бўлиб қўл узатсангиз, у сизга икки қўлини кўксига қўйиб пешвоз чиқади. Қўшничилик таомиллари ҳам ана шундай хусусиятга эга. Яхши қўшнига жон садаға.