Яхши устознинг изи доскада эмас, шогирдининг тақдирида қолади
Баъзи инсонлар ҳаётимизга кириб келади-ю, биз уларни йиллар ўтса ҳам унутмаймиз. Уларнинг айтган бир оғиз сўзи, маслаҳати ёки ўзимизга бўлган ишончимизни уйғотган бир қараши бутун ҳаётимизга таъсир қилади. Менимча, шундай инсонларнинг энг улуғи устоздир.
Болалик йилларингизни эсланг. Синфхона, парта, доска... ва албатта, ёдингизда қолган бир устоз бор. Балки у сизни биринчи бўлиб мақтагандир. Балки ҳаммадан умидини узган пайтингизда сизга ишонгандир. Балки “Сен буни уддалайсан”, деган оддийгина гапи сизга куч бергандир.
Орадан қанча йиллар ўтмасин, ана шу сўзлар унутилмайди. Чунки устознинг қўлида фақат китоб ва бўр эмас. Унинг қўлида боланинг келажаги бор.
Ўқитувчи синфхонага кирганида шунчаки дарс бошланмайди. У ерда тарбия бошланади. Ҳар бир сўз, ҳар бир муносабат, ҳатто устознинг ўзини тутиши ҳам ўқувчи учун бир сабоқ. Шунинг учун ҳам бежизга “Ўқитувчи тарбияланмайди — тарбиялайди”, дейилмайди.
Бир устознинг ўқувчиси билан суҳбатига гувоҳ бўлгандим. Бола ўқишда қийналаётгани, ўзига ишончи йўқлигини айтиб, тушкун ҳолатда турарди.
Устоз эса уни койимади.
- Сен ҳали кўп нарсага эришасан. Фақат ўзингга ишон. Мен сенга ишонаман, - деди.
Оддий гап...
Аммо баъзан инсон ҳаётини айнан шундай оддий гаплар ўзгартиради.
Йиллар ўтиб, ўша бола устозининг олдига келди. Устозига:
- Сиз ўша куни менга ишонганингиз учун мен ҳам ўзимга ишона бошлаганман, - деди.
Мана, устоз меҳнатининг энг катта натижаси. Унинг меҳнати ҳар доим ҳам шу куннинг ўзида кўринмайди. Устоз бугун бир қалбга уруғ қадаб кетади. Унинг меваси эса йиллар ўтиб кўринади.
Бугун мактаб партасида ўтирган бола эртага шифокор, олим, муҳандис, журналист ёки юртга хизмат қиладиган инсон бўлиши мумкин. Унинг билимида, дунёқарашида, одобида, ҳаётга муносабатида эса албатта бир устознинг изи бўлади.
Шу боис ўқитувчилик оддий касб эмас. Бу инсон қалбига таъсир қилиш, келажакни тарбиялаш, авлод тақдирига дахлдор бўлишдир.
Ҳақиқий устоз шогирдининг ўзидан ўзиб кетганини кўриб қувонади. Чунки у шогирдидан устун бўлиш учун эмас, уни ўзидан ҳам баландроққа кўтариш учун меҳнат қилади. Менимча, устознинг энг катта мукофоти шогирдининг ютуғидир.
Бугун бир устознинг “Мен сенга ишонаман” деган сўзи кимнингдир ҳаётини ўзгартираётган бўлиши мумкин.
У билим беради, лекин фақат билим билан чекланмайди.
У тарбия беради.
У йўл кўрсатади.
У ишонч беради.
У инсонни ҳаётга тайёрлайди. Бир устоз юзлаб қалбларга нур беради. Бир дарс бир тақдирни ўзгартириши мумкин. Бир авлод бир устознинг фидойилиги билан камол топади.
Шундай экан, ўқитувчини қадрлаш шунчаки бир касб эгасини қадрлаш эмас. Бу келажакни қадрлаш, миллат тақдирига ҳурмат билан қарашдир.
Зеро, устознинг қўлида бўр эмас, келажак тақдири бор.
У фақат билим бермайди, инсонни инсон қилади.
Шаҳло Қўзиева,
Самарқанд вилояти педагогик
маҳорат маркази матбуот котиби.