Европалик туризм мутахассиси: “Мана бу қоидаларга амал қиладиганлар ютади, бошқалар ютқазади”

“Туризмда барқарор фаолият юритувчи тадбиркор масъулиятли, этика қоидаларига риоя қилувчи, экология, эҳтиёжмандларга қайғурувчи, жамият маданияти, табиатга зарар етказмайдиган тадбиркордир. Яъни, барқарор туризм деганда, яшайдиган ва саёҳат уюштириладиган жойларни, у ердаги одамларни авайлашни тушунишимиз керак. Туроператорлар туристларга маълум жойга саёҳат ташкиллаштириб уларга тажриба ва таассуротларни сотишаркан, ўша ер аҳволи, одамлари ҳақида ҳам ўйлаши шарт. Бугунги кунда ҳолат шундайки, юқорида санаб ўтилган талабларга риоя қилмасангиз, бошқалар – ўша қоидаларга амал қиладиганлар ютишади, сиз эса ютқазасиз”.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, бугунги Европа туристлари ҳам бунга жиддий эътибор беришади. Туроператорларни, меҳмонхоналарни танлашаётганда, авваламбор, уларнинг экологик маданияти юқори, саёҳат уюштириладиган жойлардаги одамлар ва уларнинг маданиятига ҳурматда эканига, ўз ишчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишига ишонч ҳосил қилишади. Бунда эса улар турли сертификатлаштириш компанияларнинг берган баҳосига таянишади. “Туроператорлар юқорида санаб ўтилганларни чуқур англашлари ва бунга эътибор беришлари керак, чунки саёҳатчилар, албатта, шундай қилишади”, дейди Крис Томпсон.

Статистик маълумотларга келсак, Буюк Британияда туристлар орасида ўтказилган сўровга кўра, европалик саёҳатчиларнинг деярли 70 фоизи туроператор ёки меҳмонхона танлаётганда барқарор туроператорларни танлашади.

“Барқарорлик – яхши сотиладиган бренд. Барқарор туризм фаолиятини юритинг ва унинг қоидаларига амал қилаётганингизни сайёҳларга билдиринг. Чунки кишилар эзгу ишларга ўз ҳиссасини қўшаётганини билишни исташади”, дейди Крис Томпсон.

Барқарор фаолиятни юритишни истаган туризм субъектлари нималарни ҳисобга олишлари керак? Бу саволга у шундай жавоб беради:

  • бизнесингизда экология талабларига риоя қилинг. Тежамкорликка, табиатга хавфсиз нарсалардан фойдаланишга, уларнинг қайта ишланишига ҳисса қўшинг. Шу билан бирга ходимларингиз ва мижозларингиз ҳам шундай эзгу амалларни бажаришлари учун шароит яратинг. Қоғоз, транспорт, сув ва бошқаларни увол қилманг;
  • ташкиллаштираётган саёҳатларнинг табиатга, тарихий объектларга, маҳаллий аҳоли маданияти ва турмуш тарзига бўлган тъасирини ўрганинг ва унинг салбий оқибатларини бартараф этишга ҳаракат қилинг;
  • ходимларингиз ҳуқуқларини бузманг. Уларни қўллаб-қувватланг. Ишчиларингизнинг таълимига, малакасини оширишга эътибор беринг;
  • сертификатлаштириш компанияларининг хизматидан фойдаланишингиз бизнесингизнинг бир поғона юқорига кўтарилишига хизмат қилади. Чунки, йирик ва нуфузли компаниялар нуфузли ҳамкорлар билан ишлашни исташади.

Фирдавс МЕЛИБОЕВ.