Йигитга қирқ ҳунар оз, лекин биттасини уддаламаётганлар ҳам кўп

Ғарб касаба уюшмаси статистикасига кўра, ўртача янги очилган бизнесларнинг 20 фоизи бошланғич 2 йилда, 45 фоизи эса 5 йилда касодга учрар экан. Бунга сабаб компания молиявий кўрсаткичларини аниқ билмаслик, харажатларни тўғри таҳлил қилмаслик ва корхонада бизнес жараёнлар йўлга қўйилмаганлиги келтирилади.

Хўш, бизда-чи?

Замонамиз иқтисодчиларининг фикрича, ғояни амалга ошириш орқали оддий тадбиркорнинг етук бўлиб кетиши, ғоя муаллифини катта маблағга эга бўлиши кўп жиҳатдан омад, билим ва муваффақиятга боғлиқ. Лекин бошқанинг бизнесига ҳавас қилиб иш бошлаш кўп ҳолларда муваффақиятсизликка учрайди.

Бир неча йил олдин яқин танишим бизнес қилиш ва тадбиркорликка кириш даври эканлигини айтиб қолди.

- Ҳозирги замонда пул топишнинг энг яхши йўли тадбиркор бўлишдир, - деди у. - Четдан ускуна олиб келиб, ишни йўлга қўясан, маҳсулот чиқариб, бозорга сотасан, қарабсанки, ҳеч қанча вақт ўтмасдан ишларинг беш-да. Давлат қонун билан ҳам, маблағ борасида ҳам тадбиркорни қўллаб турибди, ҳозир таваккал қиладиган пайт.

Ҳақиқатан ҳам бизнес таваккалчиликни ёқтиради. Танишимда ҳам таваккалчилик феъли бор, лекин фақат қатъият йўқ. У ускуна учун банкдан кредит олди, етмаганига ошна-оғайниларидан қарз кўтарди. Ишлаб чиқариш учун жой топди. Лекин талабни ўрганмасдан, ўзи бозоргир ҳисоблаган маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлади.

Бироз муддат ишлагач, бозорда унинг маҳсулотларига талаб бўлмади. Йирик тадбиркорлар ҳам илк мағлубиятда тўхтаб қолишмаган, дея яна бошқа иш бошлади. Кейинги бизнесда ҳам шу ҳол такрорланди. Туппа-тузук ишини эплолмади, фермер бўлди, кейин машина олиб сотди, маклерлик, воситачилик, деҳқончилик, чорвачилик каби бир нечта иш билан вақт ўтказди.

Яқинда ўша танишимни учратиб қолдим. Банк кредити эвазига анча мулкларидан айрилибди. Шунда ҳам камчиликларидан хулоса чиқармаган.

-  Ҳозир қурилиш соҳасида катта пул бор. Чуқур ўйладим, аввалига бетон устун (столба) ишлаб чиқараман, ясаш осон, камхарж, аммо харидори кўп, пули яхши, - дейди. – Кейин бироз ишлагач қурилиш корхонаси очиб, “объект” оламан. Кўп қаватли уй қурсам, мижозларининг ўзи олдиндан тўлаган пул билан “объект”ни битириб олиш мумкин. Ҳам яхши даромад оламан, ҳам қурилишни битказаман.

Унинг айтишича, корхонасида 30 га яқин одам меҳнат қилган. Фаолият турини ўзгартирганда ҳам шу ишчилар ёрдамида ишлаган. Маҳсулот ишлаб чиқаришда соҳа мутахассисини, ҳеч бўлмаса, бир нечта усталарни ҳам ишга ёлламаган. Ҳозир эса ишчиларнинг маошларидан бир неча ойлик қарздорлик бор.

Маълумотларга қараганда, бир кишининг иш билан бандлиги 5,5 кишининг эҳтиёжини таъминлар экан. Танишим айтганидек, корхонасида меҳнат қилган 30 га яқин киши ҳозирда ишсиз қолганини ҳисобга олсак, уларнинг ўртача 160 нафардан ортиқ оила аъзоси истеъмолга керакли маҳсулотларни харид қилолмасдан қолди деганидир.

Тадбиркор корхона фаолиятини тўхтатса, унда меҳнат қилаётган ишчилар янги иш топишига яна қанча вақт сарфлайди? Одамларда уларга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлмайдими? Демак, ҳар бир киши билдирилган ишончни оқлаб, унинг шартларини пухта ўрганиши, талабга яраша маҳсулот тақдим қилиши, бунинг учун танлаган  соҳасининг билимдони бўлмоғи, таннарх, даромад, соф фойдани билмоғи, IT тизимлари ёрдамида бизнес жараёнларини тартибга солиш ва самарадорлигини ошириши лозим.

Аслида фақат маҳсулот ишлаб чиқарган ёки сотган эмас, ўз оиласини уддалаган, эплаган одам тадбиркор. Йўқдан бор қилувчи, ишнинг “кўзи”ни билувчи одамни тадбиркор деймиз. Афсуски, кейинги пайтларда битта ишни қойиллатиб қўймасдан, бошқаларга ҳавасманд бўлиб, бир ишни уддалай олмаётганлар кўпайиб кетди. Бу ҳолат бизга сабоқ бўлиши керак.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.