Ёлғиз она қисмати ҳақида ҳикоя ёки ижтимоий ҳимоя меҳрнинг ўрнини боса оладими?
“Анзират, яна бир туширайми?!”.
Халқимиз севиб томоша қиладиган “Суюнчи” фильмидаги Ҳожимурод отанинг ўғли нега калтак егани эсингиздами?
Уч ойдан бери касалхонада ётган отасини бориб кўрмаганлиги учун. Шунда Анзират она “...Кун-у тун деразага қараб, мўлтиллаб ётади. Нега шу вақтгача тузалиб кетмади, деб хаёлингга ҳам келтирмадингми ақалли?”, дея бемеҳр фарзандни койийди. Кейинчалик инсофга кирган ўғлининг ғамхўрлиги сабабли соғайиб кетган Ҳожимурод ота Анзират онага “Эшитишимча, ўғлимни хафа қилибсан. Ўғлим яхши, барака топсин. Ҳаттоки, касалхонага мени кўргани бориб, янги пиёла билан чойнак олиб келди-я”, дейди.
Ҳар гал якка-ёлғиз кексалар билан мулоқот қилганимда хаёлимда фильмнинг айнан шу эпизодлари гавдаланади. Балки ёлғиз кексалар фарзандларини кутиб, соғиниб яшаётганлиги, кераксиз, эскирган буюмдек ташлаб кетишган бўлса-да, гина-кудурат сақламаслигини билганим учундир. Балки бугун Анзират онадек маҳалласининг “виждон”ига айлана оладиган инсонлар камлиги, бешафқат, бемеҳр фарзандларни инсофга чақирадиган оқсоқоллар камайиб кетганлиги сабаблидир. Қийин мулоҳаза. Лекин бир нарса аниқ - ҳеч бир ота-она бундай хўрликларга лойиқ эмас.
Каттақўрғон туманида яшовчи 87 ёшли Баҳора (исми ўзгартирилди) ая яқин-яқингача чиқиндихоналардан озиқ-овқат қолдиқларини териб кун кўрган экан. Уйи бўлса бор, аммо унда ўзидан бошқа яқини йўқ. Эрта тонгдан қўлига эски пақирчасини олиб, кўча кезади, чиқиндихоналарни титкилайди. Бу фақат киноларда бўладиган уйдирма ёки бўрттириб кўрсатилган воқеага ўхшайди. Лекин биз ҳозир аниқ инсон ва аниқ ҳолат ҳақида гапиряпмиз.
Баҳора ая ёлғиз она, икки фарзандини эрта тупроққа қўйган. Ягона ўғли эса улғайиб, Россияга ишлаш учун кетгану қайтиб келмаган. Унинг катта бир ҳовлида, ўнлаб йилларни ёлғизликда қандай ўтказганлигини тасаввур қилиш қийин. Бундай ҳаёт тарзи онахоннинг руҳиятига ҳам салбий таъсир қилган. Бироқ у ҳеч ким билан яқин мулоқотга киришишни истамаган ва ёрдам қўлини ҳам қабул қилмаган. Бунинг сабаби бор ва у қалбларни жунбушга келтирадиган даражада асосли.
- Онахонни чиқинди қутиларини титкилаб юрган вақтида топганман, - дейди туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ассистенти Озода Зиёдова. – Кейин у ижтимоий ҳимояга олинди, унга ғамхўрлик қилиш вазифаси ҳам ўзимга ишониб топширилди. Бошида у бизни уйига ҳам киритмас, мулоқотга киришмоқчи бўлсак, жиғибийрон бўлиб, ҳақорат қилишга тушарди. Кўпчилик уни руҳий касалга чиқарди. Кейин билсак, онахон атрофидагиларга атай шундай қўполлик қилар экан. У сохта меҳрибонлар уйини тортиб олишидан қўрққан. Бунгача кўплаб шундай одамлар унга уйни номига ўтказиб бериши эвазига ғамхўрлик қилиш таклифини беравериб, жонидан тўйдирган. Ёлғиз она, ёлғиз аёл ўзини бошқача йўл билан ҳимоя қилиши қийин эди. Онахон доим уйим ўғлимга қолиши керак, бўлмаса у қийналиб қолади, дея такрорлайди.
Тасаввур қиляпсизми, она уни ёлғиз ташлаб кетган фарзандини ўйлаяпти. Уни айбламаяпти, гина ҳам қилмаяпти. Умримнинг охирида бўлса ҳам кўриб, омонатимни топширсам эди, деяпти.
Бугунги кунда вилоятимизда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кекса, ёлғиз яшовчи ва ногиронлиги бўлган шахслар 1901 нафарни ташкил қилади. Ҳар бирининг ўз ҳикояси, ҳақиқати бор. Улар уйига ҳисобот учун совға-салом билан келадиган одамларга қалбини очмайди. Улар сотқинлик, алдов ва сохтагарлик нима эканлиги ва оқибатларини синаб кўришган, ҳеч кимга ишонмайди. Улар мақолангиз учун чиройли интервью ҳам бера олмайди. Уларга ёрдам беришдан олдин буни тушунишингиз, ҳаёт синовлари қаршисида ёлғиз қолган инсонларнинг кечинмаларини, оз бўлса-да, ҳис қилишга ўрганишингиз керак.
— Туманимизда ёлғиз яшовчи кексалар 56 нафарни ташкил қилади, - дейди Нуробод тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази бош мутахассис психологи Нигора Ҳайитова. - Фаолиятимиз давомида турли вазиятларга дуч келамиз. Лекин бир нарса аниқ, ёлғиз кексалар билан ишлаш осон эмас. Сабаби, улар бу даврда ёш боладек таъсирчан бўлади. Шунга қарамай, ҳеч кимга ишонишмайди. Ҳаёт қийинчиликларининг асорати бу. Жараёнда энг масъулиятли вазифа ассистентлар зиммасига тушмоқда. Улар ўзига бириктирилган кексаларнинг ишончига кириши, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзига юклатилган вазифани виждонан бажариши керак. Шунинг учун биз жамоамиз билан ҳам психологик курслар ўтказиб, уларни ҳам руҳиятини ҳимоя қилишимиз, ҳам ишни тўғри йўлга қўйишни ўргатиб боришимиз керак.
Дарҳақиқат, ижтимоий соҳага қаратилаётган эътибор жамиятда фаровонлик кўрсаткичи ошиши, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтожларнинг ҳаёти яхшиланишига хизмат қилмоқда. Лекин у инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибатнинг ўрнини боса оладими? Бир майизни қирқ бўлиб еган элда ота боласи учун алимент тўлашдан бўйин товласа, она боласини ташлаб хорижга қочиб кетса, болалар улғайиб, ота-онасини ёлғиз қолдирса, қаерга қараб кетяпмиз, дегинг келади.
Психологнинг таъкидлашича, давлатнинг минг қилгани, фарзанднинг бир қилгани ўрнини боса олмайди. Кузатувларимиз давомида бунинг исботини ҳам кўп кўрдик. Ота-она, нобакор бўлса-да, ўз фарзиндини ардоқлайди ва ундан меҳр кутади. “Типратикан боласини юмшоғим дейди”, “Қўнғиз боласини оппоғим дейди”, деган нақллар ҳам шундан. Ҳар кимга ўзиники азиз.
— Ёлғиз яшовчи кексаларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг муҳим йўналиши – унинг қариндошлари билан алоқани тиклаш ҳисобланади, - дейди Нигора Ҳайитова. – Албатта, биринчи навбатда уларнинг фарзандлари қидирилади. Топсак, суҳбатлашиб, инсофга чақиришга ҳаракат қиламиз. Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бундай вазиятга кўпинча фарзандларнинг илмсизлиги сабаб бўлади. Уларга лозим даражада таълим ва тарбия бермаган, ҳаёт фақат моддиятдан иборат, деб ўйлаган ота-оналар кўпроқ шундай аҳволда қолади. Тушунтириш ишларидан кейин хатосини англаб, ота-онасига ғамхўрлик қилишни бошлаганлар борлигининг ўзи катта ютуғимиз.
Глобаллашув жамиятимизни ҳам ўзгартириб бормоқда, буни инкор этиб бўлмайди. Шиддатли бу жараёнда меҳр ва оқибат, самимият, орият ва бошқа инсоний фазилату туйғулар унутиляпти. Маҳаллада гап бўламанку, одамларни юзига қандай қарайман, дейдиган одамлар кам қолди. Ҳеч ким ҳеч кимдан уялмайди, манфаат ориятдан устун келмоқда. Шундай экан бу муаммони ижтимоий хизматнинг ўзигина ҳал қила олмайди. Шу кетишда бўлса, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар сони фақат ортади. Биз унинг асоси, келиб чиқиш сабабини бартараф этишимиз, хусусан, тўғри яшашнинг унутилган миллий моделини қайта тиклашимиз керак. Ҳозир эса ишни ота-онасини қаровсиз қолдирганларни мажбурий тартибда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ёки “Саховат уйлари”да волонтёрлик қилиш, психолог қабулига қатнашни қонун даражасида мустаҳкамлашимиз зарур. Боиси, бошқа мажбурлаш йўллари уларда меҳр учқунини ҳосил қила олмайди. Ва, аксинча, меҳр ёки пул беришга мажбурлаш тескари натижа бериши мумкин. Шундай экан, уларга кексалик нима эканлигини ва ўзлари ҳаётининг айни даврида қандай яшашни исташларини амалий тарзда кўрсатишимиз керак.
Баҳора ая масаласига келсак, уни охирги маротаба кўрганимизда туман шифохонасида даволанаётган эди. Ассистент Озода Зиёдова ҳар доимгидек унинг ёнида. Айтганча, Озода опа онахоннинг хориждаги ўғли билан боғланишга эришибди. Тушунтириш ишларидан кейин у маълум муддатга бўлса-да, уйига қайтишга рози бўлган. Бу хабарни эшитган Баҳора аядан бахтлироқ она бўлмаса керак.
Асқар Баротов.