Ёлғон ахборот жамиятга ҳам, давлатга ҳам зарар келтиради

Инфодемия нима?

Коронавирусга оид ахборотни ёритишда STORYTELLINGдан қандай фойдаланса бўлади?

Самарқанд шаҳрида UNICEF, Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази ҳамда Ўзбекистон санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамкорлигида ташкил этилган тренингда шу каби саволларга жавоб берилди?

Икки кун давом этган машғулотда Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази директори ўринбосари Дарья Османова, тренер Парвина Омонова журналист ва блогерларга COVID-19 мавзусини ёритишда эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим омиллар, ёлғон ахборотни фарқлаш, раддия бериш ҳамда маълумотларни тезкор ва самарали таҳлил қилиш йўлларини ўргатди.

Коронавирус пандемияси даврида аҳолининг тезкор ахборотга бўлган эҳтиёжи ошди. Бу эҳтиёж қондирилмагач, медиа оламидаги бўшлиқ аҳоли орасида ваҳима уйғотишга қаратилган турли нотўғри, миш-мишларга асосланган ёлғон маълумотлар билан тўлдирила бошланди. “Инфодемия” тушунчаси айни шу феноменга нисбатан қўлланилади.

— Карантин вақтида ёлғон ахборот жамиятга, давлатга қандай зарар келтириши мумкинлигини барчамиз билиб олдик, — дейди Д.Османова. — Афсуски, бундай маълумотларнинг тарқалишида баъзи оммавий ахборот воситалари ҳам воситачи бўлди. Сабаби, таҳлил етарли бўлмади. Тренингдан мақсад — журналист ва блогерларни айни мавзуга оид ахборот билан ишлаш, ёлғонни ҳақиқатдан ажратишга ўргатиш, жараёнда замонавий журналистиканинг твиттер формат, сторителлинг, фактчекинг каби формат ва воситаларидан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш.

Тадбирда Республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассислари ҳам иштирок этиб, дунё ва юртимиздаги эпидемиологик вазият, коронавирусга қарши эмланишнинг ижтимоий аҳамияти ҳақида маълумот беришди.

Асқар Баротов.