Йўллардаги сунъий дўнгликларни ким тартибга олади?

Англаган бўлсангиз, гап йўлларда автомобиль тезлигини камайтиришга хизмат қиладиган сунъий дўнгликлар ҳақида боряпти. Тўғри, айрим аҳоли гавжум ва йўлни кесиб ўтиши эҳтимоли кўп бўлган жойлар, мактаб, боғча, коллеж яқинидаги йўлга бундай дўнгликлар қилиш мумкиндир. Тағин у йўл ҳаракати хавфсизлиги нуқтаи назаридан махсус резинали ҳолатда бўлиши керак. Бироқ уни ўрнатишнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидаси бор. Яъни, ўзбошимчалик билан асфальт йўл устига дўнг қоплама қилиш ҳеч бир қоидага тўғри келмайди.

Йўл ҳаракати қоидалари янги таҳрирда қабул қилиниб, унда юридик ва жисмоний шахслар томонидан автомобиль йўл қисмига ўзбошимчалик билан сунъий дўнгликлар ўрнатиш тақиқланганда ҳайдовчилар бундан мамнун бўлишганди. Аммо кузатувлар бу қоидалар қоғозда қолиб кетгани, амалда деярли ҳеч нима ўзгармаганлигини кўрсатмоқда.

Исбот дейсизми, марҳамат, кўчаларимизни айланинг. Автоуловингизда марказий кўчалардан бурилган заҳотингиз бирор "ғов"га дўч келасиз. Айниқса, шаҳар ва унга туташ ҳудудларда йўлга сунъий дўнглик қуриш урфга айланган. Маҳаллаларнинг ички кўчаларини-ку уларсиз тасаввур қилиш қийин бўлиб қолди. Хўш, бу ерларда қонун ишламайдими?

— Булунғур тумани марказидан Килдон маҳалласига кетаётиб, асфальт ранги билан бир хил бўлгани боис кўчага ётқизилган сунъий дўнгликни кўрмай қолдик, - дейди фуқаролардан бири. – Машина ҳам, ўзимиз ҳам шикастландик. Қизиқ, пиёда ўтиши эҳтимоли кам бўлган серқатнов, туман маркази билан туманнинг асосий маҳаллаларини боғлаб турувчи катта кўчага тўсиқнинг нима кераги бор? Хўп, ўрнатибсан, унгача огоҳлантирувчи белгилар қўйиш керак эмасмиди?

Дарҳақиқат, кўчаларда бу сунъий тўсиқлардан огоҳлантирувчи белгиларни деярли учратмайсиз. Ҳолбуки, сунъий дўнглик белгиланган тартибда ўрнатилган бўлса, уларгача “Сунъий йўл нотекислиги” огоҳлантирувчи белгиси ёки “Сунъий нотекислик” қўшимча ахборот белгилари бўлиши керак. Агар улар бўлмаса, машинага, қолаверса ҳайдовчи ва йўловчи саломатлигига етказилган зарарни ким қоплайди?

Дўнгликларни ўрнатишдан мақсад тезликни чеклаш ва оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олишдан иборат. Буни биламиз, пиёда ҳаётини сақлаш учун бу яхши. Аммо уни ўрнатишда ҳам тартиб, қоида бўлиши керак эмасми? Хуллас, саволлар кўп. Масъуллардан бу масалада изоҳ кутиб қоламиз.

Асқар Баротов.