Ёпиқ ҳаёт ортида

Бу ерда ҳаёт эрталабки соат тўртдан бошланади. 35 нафар аёл иш вақти – 8.00 гача ювиниб тараниб, нонушта қилиб олиши керак. Кейин эса ишга. Иш каттагина цехда, тикиш билан боғлиқ машғулликдан иборат.

Келинг, Паст Дарғом тумани Гўзалкент қўрғонидаги 37-сонли манзил-колониядаги шартнома манзилларидан бирида яшовчи қаҳрамонларимизнинг баъзиларининг ички кечинмалари билан танишсак.

 Шароитларни ўйлашга хаёлимда жой йўқ

-Қашқадарёданман асли. Бу ердаги шароитлардан нолимайман. Санаторийдамасмизку. Ишласак, шунга яраша маблағ берилади. Ўша пулга озиқ-овқат, ўзимизга керакли нарсалар сотиб оламиз. Бекор ўтиргандан кўра ишдан кейин ҳам ишласам дейман.  Иш билан чалғимаса одам бу хаёллардан қутулиш жуда қийин...

Неварам туғилгач, унинг умрига зомин бўлганман... Номус қилганман, турмуш ўртоғимдан қўрққанман, буни эслаш жуда оғир, гарчи хаёлимдан кетмаган бўлса-да. Аммо овоз чиқариб кимгадир айтиш учун катта куч керак. Ҳар куни эслайман, ҳар куни гўштқиймалагичдан ўтаётгандай эзғиланаман, шундай азоб беради бу хаёллар. Ичимдаги қийноқлар олдида бу ердаги шароитлар ҳеч нарса эмас. Ундан кўра иш вақти тугагандан кейин ҳам тикиш қиламан, шундан таскин топаман.

Учрашув хонаси бўлиши керак

Бу опадан фарқли равишда бу ердаги шароитни доимий равишда ўйлайдиган, бундан норози аёллар ҳам бор.

-Етти йилдан зиёдроқ муддат берилган менга. 29 ёшдаман. 165-модда билан айбланганман. Гуруҳли босқинчилик. Онам ва синглим ҳам қамалган.

-Бир оиладан уч киши? Жуда оғирмиди жиноятларингиз?

-Қўшнимиз билан келишмай қолгандик, ўртада жуда катта жанжал кўтарилди. Натижа шундай бўлди.  Колонияда пайтим турмушга чиқдим. Бу ердаги шароитларни кўряпсиз. Ҳатто қариндошлар билан кўришиш учун жой ҳам ажратилмаган. Кўришиш учун узоқ йўл босиб, йўлкира сарфлаб колонияга боришимиз лозим. Бу ерда ҳам шундай шароит яратилиши керак, деб ўйлайман.

Болаларимга ҳам пул жўнатаман

-Биз ҳам сайловларда иштирок этишга ҳақлимиз. Яқинда муддатидан илгари Президиентлик сайлови бўларкан. Биз ўз овозимизни беришимиз керак.

-Конституциядаги ўзгаришларга кўра шундай бўлади. Фақат суд ҳукми билан муомалага лаёқатли бўлмаган шахсларгина сайловда иштирок этмайди, сизлар ҳам албатта сайловда иштирок этасизлар.

-Чунки сиёсатни, айниқса бугун тадбиркорларга яратилаётган шароитларни айрим очиқда юрганлардан кўра яхшироқ тушунаман.

-Тадбиркор бўлганмисиз?

-Ҳа, катта тадбиркорлигим бор эди. Эҳҳе, бошимиздан қандай қийинчиликларни ўтказганмиз. Балки ҳозирги имкониятлар бўлганда ўша жиноятга қўл урмаган бўлармидим. 164-модда билан тушганман бу ерга. “Срогим” ҳам каттагина.

-Бошқа маҳкумалар сингари бу ердаги шароитлар ҳақида деярли гапирмаяпсиз. Ваҳоланки, айтишингизга қараганда, жуда яхши шароитларда яшагансиз?

-Ўзим тадбиркор бўлганим учундир, бу опага (цех эгасини назарда тутаяпти) бир тийинни, буюртмаларни топиш қандай қийинчилик билан келишини жуда яхши тушунаман. Ўзим тинимсиз ишлаяпман, мана, қўлларимни қаранг...

-Шунга яраша ҳақ оласизми?

-Албатта. Ишдан кейин ҳам 9-10 гача қолиб, тикиш қиламан, кимдир дам олишни истайди. Лекин мен доимий меҳнатга ўрганганман. Ишбай ҳақ тўлангани учун кимдир ойига 500 минг олади. Мен эса 3-4 миллион сўмгача олган пайтларим бўлган. Бу ердаги еб-ичишимдан орттириб, болаларимга ҳам жўнатиб тураман. Уларнинг ўқишини шу ердан туриб назорат қиламан. Ўқитувчиларига қўнғироқ қилиб, вазиятни билишга уринаман.

-Улар билан гаплашганда ўзингизга нисбатан номуносиб муносабатни ҳам ҳис қилганмисиз?

-Бунақаси ҳам бўлган. Лекин мен уларга хатони содир этишдан ҳеч ким кафолатланмагани, ҳар кимнинг бошига бу кўргулик тушиши мумкинлигини тушунтираман. Кейин ўзларига келиб қолишади.

-Бу ердан чиққач, режаларингиз ҳам аниқ бўлса керага?

-Албатта. Тадбиркорлик ишимни очаман. Ҳозирги шароитларда тадбиркорлик қилмаслик уят.

“Мен туфайли иснодга қолинг, дада!”

Ушбу қаҳрамонимиз билан суҳбатимиз бироз оғир кечди. Тўғри, у бир қараганда ич-ичидаги жуда кўп сирларни очиб гапирди. Аммо содир этган жиноятини айтишни истамас, тўғрироғи, бу ерда ўзининг айбдор эканлигига назаримда, ўзи ҳам ишонгиси келмасди.

-Ҳаётим шундай бўлишига ўзим сабабчиман, аслида. Биласизми, айтилган ҳар бир гапга фаришталар омин дейди, ёки отани норози қилишдан оғир гуноҳ йўқ, деган гапларни кўп эшитганмиз. Лекин жаҳл келганда ақл-ҳуш ҳам кетади, дейишадику.

Ҳали турмушга чиқмасимдан анча аввалроқ онам оғир касалликка чалинади. Асосий қаровчи ўзим эдим. Ҳовлимизда каттагина томорқамиз бор. Опаларим турмуш қуриб кетишган, шунинг учун рўзғор ишларига ҳам ўзим, кундан-кун аҳволи оғирлашиб бораётган онамга қарашга ҳам асосан ўзим балогардон эдим. Экин экардим, мол-ҳолга қараб, томорқадаги маҳсулотларни бозорга чиқариб, сотардим, шу билан анча чалғир, онамнинг азоблари бироз ёдимдан кўтариларди. Аммо шундай кунларнинг бирида отамнинг бошқа аёлга уйланганини эшитиб қолдим. Тасаввур қилинг, оғир аҳволдаги онасига қараётган ёш қиз бу хабарни эшитса қандай ҳолга тушади? Тўғриси чидолмасдим. Ичимдаги ғазабимни отамга айтиб солардим. Энди бу ерда ўтириб, кўп воқеаларни таҳлил қилаяпман. Менку, ёш қизман, лекин нега опаларим, кўпни кўрган бувим ҳам менга насиҳат беришмаган. Аксинча, отангга айт, отангни бу йўлдан қайтар, дея мени гиж-гижлайверишган? Сен шаддодроқсан, отанг сенинг айтганингга кўнади, дея шундоқ ҳам онамнинг ҳар куни сўлаётганидан безовта асабларимга гугурт чақишди.

-Отангиз уйланган аёлга зиён етказдингизми?

-Йўғе, шошмай эшитинг... Хуллас, уйда жуда таранг вазият юзага келди. Отамга бир сафар қаттиқроқ гапирдим. Отам охири юзимга бир шапалоқ тортиб юборди. Унинг бу ҳаракати юрагимдаги аламни баттар алангалатди. Отамни иснодга қўйсам ундан ўч оламанми, аламимдан чиқаманми, деб ўйладим. Хуллас, ота-онам, ўзим ҳам розилигим билан унаштирилган йигитга эмас, умуман бошқа бир инсонга турмушга чиқаман, деб туриб олдим. Отамнинг юзига қараб: “Мен туфайли иснодга қолингда, бир умр қийналиб юринг!”, дедим жаҳл, алам билан!

Буни қарангки, орадан кўп ўтмай отам ростдан ҳам мен туфайли бош кўтаролмайдиган даражадаги иснодга қолди. Бундай бўлишини ким ўйлабди дейсиз...

Мен алам билан танлаган оиладаги муҳит яхши эмаслигини ҳаммамиз яхши билардик. У ерда менга осон бўлмаслигини тушуниб, жаҳл устида шу қарорга келдим ва орадан вақт ўтиб ҳам бу қароримдан қайтмадим. Оиладаги турли келишмовчиликлар, адолатсизликлар қонимни қайнатарди. Наҳотки она ўз оиласига, ўз фарзандларига шунчалик адолатсиз бўлиши мумкин, деб ўйлардим.

Кейин ҳаммаси тугади, мана шу тариқа.

-Бу ердан чиққанингиздан сўнг нималар қилмоқчисиз? Кўнглингизда қандай ниятлар бор?

-Жуда кўп айрилиқларни бошимдан ўтказдим. Энди отамнинг кўнглини ҳечам оғритмасам, дердим. “Зона”да пайтим электриклик касбини ўргандим, анча ишладим ҳам. Озодликка чиққач, бемалол шу касб билан шуғуллана оламан. Боя айтганимдай, ҳовлимиз каттагина. Мол-ҳол қиламан, экин экаман. Бу соҳада қандай даромад қилишни яхши биламан. Айтдимку, жуда меҳнаткашман, ҳеч қачон меҳнатдан қочмаганман.

Ростдан ҳам бу қаҳрамонимиз меҳнатдан қочмас экан, шу ерда ҳам бошқа қисматдошларидан кўра анчагина яхши ишлаб, кўпроқ ойлик оларкан. Шаддодлиги, адолатсизликка муросасизлиги кўриниб турибди. Унга қайнонасининг қотиллигига шериклик ҳукми эълон қилинган.

Дардини айтмай қийналаётган одам кўмакка муҳтожроқ

-Мен ўз ҳақ-ҳуқуқларимни жуда яхши биламан, бу ердаги шароитларни ҳам, бошқа гапларни ҳам бемалол гапириб олавераман. Сизга ўзим ҳақимда эмас, бошқа воқеани айтиб беришни истардим, - дея гап бошлади навбатдаги қаҳрамонимиз.

-Марҳамат, ўзингиз ҳақда айтишни истамасангиз, бу сизнинг ҳуқуқингиз.

-Биласизми, бу ердаги кўпчилик хотин-қизларга психолог кўмаги керак.

-Психолог тез-тез келиб турмайдими?

-Йўқда, шунинг учун сизга бу ҳақда айтяпман.

-Хавотирингизга жиддий сабаблар борми? Кимнингдир агрессив ҳаракатларини кузатганмисиз ёки...

-Менимча, ҳеч қандай агрессив ҳаракат қилмай, ичидаги дардини ҳеч кимга айтмай қийналаётган одамдан кўпроқ қўрқиш керак. Масалан, бу ердаги маҳкумалардан бири турмуш ўртоғининг доимий тазйиқларидан сўнг икки боласи ва ўзининг жонига қасд қилган. Буни қарангки, фарзандлари нобуд бўлиб, ўзи тирик қолди. У аёлнинг руҳияти жойида эмас, деб ўйлайман, унинг азобланишига қарашнинг ўзи азоб. Лекин барибир у ҳаётидаги фожиаларга бор сабабчи турмуш ўртоғи, деб билади ҳамон. Айниқса, унинг уйланиб, яхши яшаб юрганини эшитиб, ақлдан озгудай бўлади. Бу ердан чиқиб, у яна бир жиноят содир этмаслигига кафолат бериш қийин.

Кечки бешдан кейин бу ерда одатдагидек, ўзига хос тирикчилик давом этади. Навбати билан битта газ плитасида таом тайёрлашга киришади аёллар. Кимдир таомининг яхши чиқишини ўйлайди, кимдир бу ердан чиққандан кейинги ҳаётини.

Умуман, бу маскандаги аёлларнинг ҳар бирининг ўз ҳикояси бор, ҳар бири ўзича ҳақ. Кимдир ўз қилмишларидан пушаймон, айбдор фақат мен эмасман, жиноятга туртки бўлган омиллар сабаб барчасига, деган қатъий фикрда. Кўпчилик бу ердан чиққач, ҳаётини ўнглаб олиш ҳақида ўйлайди, яна бошқалар шу ерда ҳам яхшироқ ҳаёт кечиришим ҳам шарт деган фикрда. Ҳаёт курашлардан иборат, бу маскан ҳам бу қоидадан холи эмас. Курашиб, тирмашиб, меҳнат қилиб яшамасанг, ҳолинг абгор бўлиб қолаверади.

Манзил-колонияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман)нинг Самарқанд вилоят бўйича минтақавий вакили Диёр Ҳусанов аёлларнинг муаммолари, ҳақ-ҳуқуқлари билан билан боғлиқ шикоятларини эшитди. Камчиликларни бартараф этиш учун зарур чораларни белгилади. 

Гулруҳ МЎМИНОВА.