Ёрқин уфқларга чорловчи даъват

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўқир эканман, яқин келажакда Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётида тутадиган ўрни, имкониятлари кўз ўнгимда гавдаланди.
Жаҳон иқтисодиёти тарихини кузатар эканмиз, икки асосий тамойилни илғаш қийин эмас. Дастлаб, саноати ривожланган давлатлар ҳукмронлиги ва сўнгра нефть сотувчи мамлакатлар юксалиши кўзга ташланади. Бугун эса учинчи тамойил – ер неъматлари етиштирувчи ўлкалар равнақидан дарак берувчи ҳаётбахш шабада таралмоқда. Келажакда турли саноат ускуналаридан кўра инсониятнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эътибор, дунё бозорида деҳқончилик маҳсулотларига эҳтиёж ошади. Сабаби, саноат маҳсулотларини исталган иқлим шароитида, исталган минтақада ишлаб чиқариш мумкин. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эса ҳамма жойда ҳам етиштириб бўлмайди. Шу жиҳатдан қараганда жаннатмонанд Ўзбекистон улкан имкониятларга эга. Яқин келажакда жаҳоннинг жуда кўп давлатлари дастурхонидан миришкор деҳқонларимиз она заминимизда етиштирган ноз-неъматлар жой олишига ишончим комил. 


Биргина қовунимиз! Ҳар қандай чет эллик сайёҳ ёки меҳмонларимиз, уни ейишни қўяверинг, томоша қилгани, ҳидлаб кўрганидан терисига сиғмай қувониши бор гап. Ер юзида ягона қовунчилик илмий-амалий маркази бизнинг юртимизда бўлади, ҳақиқий маънода, асал қовунлар ўлкасига айланамиз. Ҳатто пишиқчилик пайти пайкалда бўлиш – қовун сайли завқи соҳа билан боғлиқ сайёҳлик йўналишини шакллантиради, экотуризмнинг ўзига хос кўриниши пайдо бўлади. Буғдойимиз ва пахтамизнинг бугунги, эртанги шуҳрати ҳақида гапирмай қўя қолайлик, узум, анор, ўрик, эҳе, айтиб адо қилиш қийин. Айниқса, ёнғоқ дунёнинг кўплаб бозорлари расталаридан жой олишига ишонамиз. Энг қимматбаҳо қоғоз, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари ҳам юртимиз номи билан шуҳрат қозонади.

Илаш АБДИЕВ,
Паст Дарғом тумани.