Ёш ташаббускорларни бирлаштирган фестиваль

"5 муҳим ташаббус – 2021". Самарқанд шаҳар ёшлар марказида ўтказилган бу йилги фестиваль аввалгиларига ўхшамади. Марказ байрамона безатилган. Мактаб ўқувчилари томонидан беш йўналиш бўйича кўргазмалар ташкил этилган.
Кўргазмани томоша қилиш жараёнида бир кулолчилик маҳсулотига ранг бераётган ўқувчи эътиборимизни тортди. Саволлар билан унга юзландик.
- Ўқувчимнинг ўрнига саволларингизга мен жавоб бераман, - деди ўзини Раҳматилла Хушвақтов деб таништирган киши. – Бу йигит Озодбек Раҳматов. Самарқанд шаҳридаги эшитишида нуқсони бўлган болалар махсус мактаб-интернатида таълим-тарбия олади. Муассасамизда “Ёш ижодкорлар” тўгараги ташкил қилинган. Озодбек шу тўгаракка қатнашиб, бир қатор нуфузли кўрик-танловларда иштирок этган ва фахрли ўринларни олган. Яқинда, октябрь ойида Москва шаҳрида ўтказилган “Янги авлод” ёш ижодкорлар фестивалида тасвирий санъат йўналиши бўйича “Менинг қишлоғим” номли асари билан қатнашиб, 1-ўринни эгаллади.
Тадбирнинг асосий қисмида фестиваль доирасида ўтказилган кўрик-танлов ҳамда мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган ўқувчилар, уларнинг устозлари муносиб тақдирланди.
- 5 муҳим ташаббуснинг ахборот технологиялари йўналиши бўйича ўтказилган танловда биринчи ўринни қўлга киритдим, - дейди Самарқанд шаҳридаги 80-мактаб ўқувчиси Ғолибжон Дилшодов. – Бу танловда енгил конструкцияли қурилиш материалларидан бунёд этилган биноларни бузмасдан кўчиришда қўлланиладиган қурилма (кран) лойиҳаси билан қатнашгандим.
Вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби ўқувчиларидан ташкил топган доирачилар, вокаль, ашула ва рақс жамоаларининг чиқишлари фестивалга кўтаринкилик бағишлади.
Фестиваль вилоятнинг шаҳар ва туманларидан келган 250 нафардан зиёд ташаббускор ўқувчиларни бирлаштирди. Улар бир-бирлари билан танишиб, тажриба алмашди.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (фото).