Ёш ходимлар, янги имтиёздан хабардормисиз?

Фармон билан бугунги давр талабларига мос равишда ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакат истиқболи, халқ манфаати йўлида масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, салоҳиятли ёшлар учун бир қатор имтиёз ва енгилликлар белгилаб берилди. Фармоннинг 13-бандида келтирилган таклифлар шулар жумласидандир.

Мазкур бандда таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғини биринчи йил учун 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25 фоизга камайтириш кўрсатиб ўтилган. Шунга асосан, Давлат солиқ қўмитасининг тегишли буйруғи билан фармон ижросини таъминлаш бўйича солиқ органларига топшириқлар берилган.

Аммо, кўпчилик ёшлар фикрига кўра, аксарият ташкилотларда бу имтиёз амалда қўлланилмаяпти. Шу боисдан, ёшларга эслатиб ўтмоқчимизки, агар таълим муассасасини тамомлаганингизга уч йил тўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган, шунингдек, ҳали иш жойингизни ўзгартирмаган бўлсангиз, Президент Фармонида белгиланган солиқ имтиёзлари ҳақида идорангиз ҳисобчисига айтиб, имтиёздан унумли фойдаланинг.

А.БЕРДИЕВ,

туман Давлат солиқ инспекцияси

бўлим бошлиғи.