“Ёшлар дафтари”ни юритиш бўйича кўрсаткичлар аксарият туман (шаҳар)ларда паст. Нега?

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Исмоилов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида гапирилди.

Дастлаб жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтилди. Таъкидланишича, 70 минг 808 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, жорий йил 26 сентябрь ҳолатига 69 минг 508 нафар (98,2 фоиз) ёшлар "дафтар"дан чиқарилди. Ҳозирда вилоят бўйича 1300 нафар (1,8 фоиз) ёшлар "дафтар"да турибди.

Рейтинг натижаларига кўра, Каттақўрғон, Самарқанд, Жомбой, Нарпай, Паст Дарғом, Қўшработ туманларида “Ёшлар дафтари”ни юритиш бўйича кўрсаткичлар паст. Шунингдек, ёшларни "дафтар"дан чиқариш ишлари Самарқанд, Паст Дарғом, Жомбой туманлари ва Самарқанд шаҳри вилоят кўрсаткичидан ортда қолмоқда.

- “Ёшлар дафтари” жамғармаси бўйича жамғармаларда 32,2 млрд. сўм миқдорда маблағ шакллантирилди, - дейди Д.Исмоилов. - Ушбу маблағ ҳисобидан “Ёшлар дафтари”даги 16 минг 777 нафар ёшларга 26,5 млрд. сўм миқдорда кўмак кўрсатилди. Бугунги кунда жамғармаларда 5,7 млрд. сўм маблағ мавжуд. Маҳаллий бюджет даромадларининг прогноз кўрсаткичининг ошириб бажарилган қисми биринчи чорак якуни бўйича 40 млрд. сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 7,1 млрд сўм миқдорда жамғармаларга туширилган. Шунингдек, иккинчи чорак якуни бўйича маҳаллий бюджет даромадларининг прогноз кўрсаткичининг ошириб бажарилган қисми жами 42,6 млрд. сўмни ташкил этади. 

Анжуман давомида айрим туман-шаҳарларда жамғарма маблағларининг сарфланиши қониқарли эмаслиги айтилди. Жумладан, вилоят бўйича Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлари, Қўшработ, Нуробод, Пахтачи, Самарқанд, Нарпай, Пайариқ, Паст Дарғом, Булунғур, Каттақўрғон, Жомбой, Оқдарё, Иштихон, Тойлоқ туманларида дастлабки 8 ой давомида ёшларни ишчиларни касбий қайта тайёрлаш учун маблағлар йўналтирилмаган. Шунингдек, Каттақўрғон шаҳри, Қўшработ, Нуробод, Пахтачи, Самарқанд, Нарпай, Паст Дарғом, Булунғур, Каттақўрғон, Жомбой, Ургут, Оқдарё, Тойлоқ туманларида тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш учун маблағлар ажратилмаган.