Ёзги таътил даврида бошланғич синф ўқувчилари билан қандай шуғулланиш керак?

Ёзги таътил — болалар учун энг севимли фасл, дам олиш, эркинлик ва ўйин-кулгига бой давр. Шу билан бирга, бу вақт ота-оналар ва устозлар учун ҳам муҳим давр бўлиб, болаларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, ижодий салоҳиятини ривожлантириш имкониятини беради. Айниқса, бошланғич синф ўқувчилари билан тўғри ва мазмунли шуғулланиш уларнинг келажакдаги ўқишга бўлган муносабатини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Ўйин орқали ўргатиш
Ёш болалар кўпроқ ўйин орқали билимни қабул қилишади. Шу боис ёзги таътил пайтида ўқув элементлари билан бойитилган ўйинлар ташкил қилиш фойдали бўлади. Масалан, сўз топиш, бошқотирмалар ечиш, рангли коптоклар ёрдамида сонларни санаш ёки ҳарфларни ўрганиш мумкин.
Китоб ўқиш ва муҳокама қилиш
Болаларда китобга бўлган меҳрни эрта ёшданоқ шакллантириш керак. Ёзги таътилда ҳар куни эртак ёки кичик ҳикоялар ўқиб бериш, ўқилган асар устида савол-жавоблар ўтказиш, расм чизиш ёки ролда ўйнаш орқали матнни тушунишини текшириш мумкин.
Ижодий машғулотлар
Болалар ўз ҳис-туйғуларини ижод орқали ифода этишга қизиқишади. Улар билан рангли қоғозлардан турли буюмлар ясаш, расмлар чизиш, бўяш ва саҳна кўринишларини саҳналаштириш каби фаолиятларни амалга ошириш яхши самара беради.
Табиат қўйнида ўрганиш
Ёз — очиқ ҳавода кўп вақт ўтказиш учун энг яхши фасл. Табиатда сайр қилиш орқали ўсимликлар, қушлар ва ҳайвонлар ҳақида суҳбатлар қилиш, турли тажрибалар ўтказиш (масалан, сув ва тупроқ билан), расм чизиш ёки эртак тўқиш каби машғулотлар ўтказиш мумкин.
Оила билан вақт ўтказиш
Оила даврасида ўтказилган ҳар бир дақиқа болада ишонч, меҳр-муҳаббат ва қадриятлар шаклланишига хизмат қилади. Шунинг учун, бирга пазандалик қилиш, уй ишларида енгил ёрдам сўраш, эртак айтиб бериш, қўшиқ куйлаш, миллий ўйинлар ўйнаш фойдалидир.
Кичик масъулиятлар юклаш
Ёзги таътилда болаларга кичик вазифалар бериш (китоб ўқиш, кундалик тутиш, гулларни суғориш) орқали уларнинг мустақиллигини ошириш мумкин. Буларнинг бари болаларнинг дунёқашини кенгайтиради. Уларда билим олишга бўлган иштиёқни оширади.
Сохиба Сайфиева,
Самарқанд шаҳар 24-умумий ўрта таълим
мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси.