Ёзги таътил ва ота-она муаммоси ёки вақт - умр дафтари, уни режалаштириш керакми?
Июн ойининг иссиқ кунларидан бири. Кечки салқинда чой устида эр-хотин - Маҳмуд ака ва Зуҳра опанинг суҳбати узоқ давом этди. Суҳбат мавзуси эса ҳар йили такрорланадиган, аммо ечими топилиши қийин бўлган масала: болаларнинг ёзги таътили.
- Дадаси, таътил ҳам бошланди. Ростини айтсам, боламизнинг вақтини қандай ташкил қилишни билмай қолдим, - деди Зуҳра хавотир билан.
- Нима учун? - деб сўради Маҳмуд ака.
- Мактаб йўқ. Эрталаб кеч уйғонади. Телефонда ўтиради. Баъзан мультфильм кўради, баъзан ўйин ўйнайди. Кун қандай ўтиб кетганини ўзлари ҳам сезмайди.
- Ҳа, бу фақат бизнинг эмас, бутун маҳалланинг, балки бутун жамиятнинг дарди, - деди Маҳмуд ака хўрсиниб. - Болаларга «телефонни қўй», «китоб ўқи» деганинг билан фойдаси бўлмайди. Чунки уларда аниқ бир режа йўқ.
- Тўғри айтасиз, лекин уларга қандай ёрдам беришни ҳам билмайман. Гоҳида ўзимнинг ҳам куним қандай ўтиб, қандай кеч бўлганини пайқамай қоламан. Уй ишлари, рўзғор, иш...
Аслида вақтни тўғри режалаштиришни аввал ўзимиз ўрганишимиз керак, шекилли?!
Илоҳий тартибот...
Инсоният яратилгандан буён вақтни тартибга солишга, уни тизимлашга ҳаракат қилиб келади. Бироқ энг олий ҳакам - Аллоҳ таоло бандалари учун вақтни тизимлаштиришнинг энг мукаммал моделини жорий қилиб қўйган.
Ислом динида вақт - бу Аллоҳ томонидан берилган энг катта омонат. Яратувчи зот Қуръони Каримда бандасининг эътиборини вақтнинг нақадар улуғ неъмат эканлигига қаратади. Шу боис кўплаб суралар бевосита вақт номи билан бошланади ёки унда вақт билан қасам ичилади: «Вал-аср» (Аср вақтига қасамки), «Вал-лайл» (Тунга қасамки), «Вал-фажр» (Тонгга қасамки).
Кун давомида адо этиладиган 5 вақт намоз - бу шунчаки ибодат эмас, балки инсон ҳаётини кунлик режалаштиришнинг илоҳий ва мукаммал дастуридир.
Агар эътибор берсак, 5 вақт намозга риоя қилган инсоннинг кунлик тартиби ўз-ўзидан энг мукаммал графикка тушади. Унда уйқудан туриш, ишлаш, дам олиш ва оила билан бўлиш вақтлари табиий равишда тартибга солинади. Яъни, намоз вақтлари инсонни кун давомида бир неча бор тўхтаб, ўз фаолиятини қайта баҳолашга ундайди. Хусусан, эрталаб кунни Аллоҳнинг зикри билан бошлаш, кун ўртасида тўхтаб ўзини назорат қилиш, кечқурун эса кунни сарҳисоб қилиш инсон ҳаётига тартиб ва маъно бағишлайди.
Нега режалаштирмаймиз?
Бугунги кунда «вақтим йўқ» деган гапни энг кўп эшитамиз. Ажабланарлиси шундаки, дунёдаги энг банд ва энг муваффақиятли одамларда ҳам, кун бўйи бекор ўтирган одамда ҳам бир хил - 24 соат вақт бор. Хўш, нега кўпчилик ўз вақтини режалаштиришни хоҳламайди ёки буни уддалай олмайди?
Таҳлилларга кўра, кўпчилик одамлар, айниқса, ёшлар ҳаётни чексиз деб ўйлашади. «Ҳали ёшман», «Улгураман», «Эртага қиламан» деган фикрлар инсонни ялқовликка ундайди. Бу психологияда прокрастинация - ишларни орқага суриш деб аталади.
Аниқроғи, ўзини назорат қилишни, ўз нафсини жиловлашни истамаган инсон режасиз, оқим бўйлаб яшашни афзал кўради. Агар инсоннинг ҳаётда аниқ, улуғвор ва тизимли мақсади бўлмаса, у вақтни режалаштиришга эҳтиёж сезмайди. Қаерга боришини билмаган кемага ҳеч қайси шамол ёрдам бера олмаганидек, мақсадсиз инсон учун ҳам вақтнинг қадри бўлмайди.
Аслида вақт - бу инсоннинг капитали. Биз ҳар сонияда шу капиталдан сарфлаб борамиз. Инсон туғилган кунидан бошлаб унинг умр соати тескари қараб санай бошлайди. Шу боис вақтнинг қиймати ва қадрининг ўлчови йўқ. Энг қимматбаҳо олмос ҳам вақт олдида бир сиқим тупроқдек гап.
Йўқотилган бойликни меҳнат билан, бой берилган соғлиқни даволаниш билан (маълум маънода) қайтариш мумкиндир. Аммо бой берилган бир сонияни дунёдаги бор олтин-кумушлар билан ҳам сотиб олиб бўлмайди.
Танловни ўзимиз қиламиз
Афсуски, замонавий дунёда «вақтни ўлдириш» (time killing) деган ибора пайдо бўлди. Бу жуда қўрқинчли иборадир. Вақтни ўлдириш ўз умрини, келажагини ва охиратини куйдириш демакдир. Шу сабаб мутахассислар кундалик ҳаётимизда, хусусан, фарзандларимизнинг таътил кунларида вақтни қандай тўғри тақсимлаш бўйича бир нечта амалий тавсияларни баён қилишган.
Хусусан, ишларни 4 та тоифага бўлиб чиқиш керак:
- Муҳим ва шошилинч ишлар (Тезда бажарилиши шарт).
- Муҳим, лекин шошилинч эмас (Инсонни ривожлантирадиган, келажакка хизмат қиладиган асосий қисм - китоб ўқиш, тил ўрганиш, спорт).
- Шошилинч, лекин муҳим эмас (Аҳамиятсиз қўнғироқлар, кутилмаган меҳмонлар).
- Муҳим ҳам эмас, шошилинч ҳам эмас (Вақт ўғрилари: ижтимоий тармоқлар, телевизор, бекорчи суҳбатлар).
Энг нохуш, энг қийин ва энг кўп куч талаб қиладиган ишни эрталаб, куннинг биринчи ярмида бажариб олинг. Шунда куннинг қолган қисми енгил ва хотиржам ўтади.
Мақола аввалидаги Маҳмуд ака ва Зуҳра опанинг муаммосига қайтадиган бўлсак, аввало, илм ва руҳият тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда кунига камида 1–2 соат китоб ўқиш, хорижий тил ёки аниқ фанларни ўрганиш, диний-маънавий суҳбатлар ўтказиш керак.
Спорт тўгараклари, уй ишларида ота-онага кўмаклашиш боланинг жисмоний чиниқишига, оила аъзоларига меҳрибон бўлиб ўсишига хизмат қилади. Албатта, вақтни тўғри тақсимлаш бу дам олишсиз кун ўтказиш дегани эмас. Шу боис фойдали ҳужжатли фильмлар кўриш, расм чизиш, оилавий саёҳатлар ҳам режанинг бир қисмига киради.
Фарзандларимизга бера оладиган энг катта меросимиз уларга пул ёки мол-мулк қолдириш эмас, балки уларга вақтни, умрни қадрлашни ва уни тўғри режалаштиришни ўргатишимиздир. Шундагина таътиллар ҳам, иш кунлари ҳам ҳаётимизнинг энг гўзал ва мазмунли саҳифаларига айланади.
Ёқубжон Марқаев.