Ёзиш қийинми ёки ўқиш? Қаюм Собировнинг “Ўзликни излаб” тўпламини ўқиб
Ҳозир ўқийдиган китоб йўқ, дегувчилар фикрига қўшилмайман. Эртакдаги тулкининг ишкомдаги узумга бўйи етмагач, “сассиқ экан” деб кетганига ўхшайди бу гап.
Бадиий китоблар чиқиши 15-20 йил олдингидан кўпайди. Китоб дўконлари, кутубхоналар очиляпти. Аммо мутолаага табиий эҳтиёж яққол сезиляпти. Китоб тарғиботи тақдимоту танловдан нарига ўтмаяпти. Аниқроғи, совға олиш учун ўқишаяпти. Бунинг устига “мажбурий обуна” баҳонасида газета ўқишни ҳам йиғиштириб қўйганга ўхшаймиз.
Ана шундай кайфиятда юрганингизда Қаюм Собировнинг “Янги китоб” нашриётда чоп этилган “Ўзликни излаб” китобини ўқисангиз, табиийки, сарлавҳадаги саволга “э, биродар, агар эҳтиёж ва иштиёқ бўлса, иккаласи ҳам мушкул эмас” деб жавоб беришингизга ишонаман. Чунки шу кечинма ўзимдан ўтди.
Қ.Собиров иқтисодчи сифатида фақат давлат, молия идораларида ишлаб келаётган эрса-да айрим сафдошларидан фарқли ўлароқ, худо берган истеъдодга ҳам эга. Муҳими, айни пайтда Жомбой тумани ҳокими сифатида оқилона раҳбарлик қилиш барабарида тинимсиз ўқийди, китобдан сабоқ, маъни қидиради, фикрини қоғозда баён қила олади. Истеъдоди, маҳорати, интилиши туфайли қисса ва ҳикоялар ёзиб, “Отамнинг излари”, “Ёлғизоёқ йўл” китобларини нашр этди.
“Ўзликни излаб” номига муносиб китоб бўлибди. Муаллиф ўзликни излаш жараёнидаги ҳаёт, аниқроғи, сизу биз ҳар куни дуч келаётган воқеаларни қаламга олган, уларнинг ҳар бирига муносабат билдирган. Мана уларнинг биттаси: “Оила қургандан кейин ёшларнинг ҳар тўкисда бир айбини топиб, “... биз ундай эдик, биз бундай қилардик, ҳозиргилар у, аслида бу...» каби майда-чуйда гаплар билан уларни чалғимаслик, ўзимиздан ва ҳаётдан бездирмаслик лозим. Аксинча, дастурхон атрофида, суҳбатларда, давраларда, маърака-мавлудларда муқаддас динимиз аҳкомлари, суннатга риоя этиш, улуғ уламоларимиз ҳаётларидан намуна келтириб борилса, яхши бўлади”.
Тўпламдан зиёлини ҳам, оддий кишини ҳам қизиқтирувчи мавзулар етарли. Сарлавҳалар ҳам шунга мос: «Ҳар йигитнинг аслин билай десангиз», «Қосим бобонинг тузи», «Жазо», «Кибр ва қасос», «Зироат нима?», «Раҳнамо». Айрим ҳикояларда публицистик руҳ билан бирга бадиий маҳорат ҳам сезилиб туради. Ифода ва хулосаларга муаллиф меҳри, ҳаяжони, фаросати сингдирилган. Халқона услубда ёзилгани учун ҳар бир ҳикоя ва қайдни қизиқиш билан ўқийсиз.
Профессор Мамаюнус Пардаев билан суҳбат муаллиф ички дунёсининг кўзгуси бўлибди десам, хато қилмайман. Жумладан, домланинг «Бахт нима?» деган саволига Қ.Собиров «Бахт, бу – нисбий тушунча. Унинг аниқ бир чегараси ёки мезони йўқ. Кимдир ғарибгина кулбасида бахтли, кимдир ҳашаматли уйида бахтсиз. Яна кимдир оддий велосипеди бор учун бахтли булса, яна бировлар қўша-қўша уловлари билан бахтсиз» деб жавоб беради.
Тўртликлар ва «Бағишлов» шеърида ҳам инсонлар ўртасидаги муносабатларда учрайдиган ибратдан шодланади, иллатдан эса дили оғрийди:
Шафтолидан боғ бўмас, дерлар,
Нокасга яхши гап кор қилмас, дерлар.
Ёшлик ҳам ғанимат, илм ол, ўрган,
Ётиб ейишингга тоғ етмас, терлар.
Қаюм Собировни яхши таниганим учун бадиий ижодда қадам-бақадам ўсиб бораётганини кўряпман. Ва бу маҳорату шижоатга кўз тегмасин, дейман. Негаки, айримлар ойлар давомида ўн саҳифа китоб ўқишга ҳафсала тополмаётган, бир саҳифага фикрини ёзиб бера олмаётган бир пайтда бадиий ижод билан шуғулланиш қанчалик маънавий жасорат эканини яхши биламан.
Фармон Тошев.