Ёзнинг сўнгги ойида мамлакатимизда об-ҳаво қандай бўлади?
Мамлакатимизнинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Волгабўйидан нам ва салқин ҳаво оқими кирди.
Ўзгидромет хабарига кўра, бугун қисқа муддатли момақалдироқли ёмғирлар фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида кузатилиши мумкин. Мамлакатимизнинг қолган ҳудудида ёғингарчилик бўлмайди, ҳарорат 30-33 даража атрофида бўлади.
2 августда республикамизнинг катта қисмида об-ҳавонинг яна кам булутли ва қуруқ бўлиши кутилмоқда. Фақат баъзи тоғли ва тоғолди ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Кейинги ҳафтада об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади. Ҳарорат аста кўтарилади ва яна 36-39 даражани ташкил қилади.
Кейинчалик август ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда. Қисқа муддатли ёмғирлар асосан республиканинг тоғли ва тоғолди ҳудудларида кузатилади. Ҳарорат кечаси 17-22 даража, кундузи 32-37 даража атрофида, айрим кунларда 40 даражагача бўлиши кутилмоқда. ойнинг сўнгги ўн кунлигида кундузги ҳарорат 28-33 даражагача пасайиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, август ойи Ўзбекистонда йилнинг энг қуруқ ойи ҳисобланади.
Август ойида ёғингарчиликли кунлар ўртача 1-2 кунни, Фарғона водийси ва тоғларда − 3-6 кунни ташкил қилади. Ўртача ёғинлар миқдори мамлакатимиз ҳудудининг катта қисмида 1-2 мм., айрим жойларда 3-4 мм., тоғолди ва тоғларда 10-20 мм.ни ташкил қилади.