ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмаган 19 нафар ҳуқуқбузар "Дамас"чилар маъмурий қамоққа олинди
Ўз ҳақимизни талаб қилишдан олдин “Ўзгалар ҳуқуқини поймол қилмаяпманми”, деган савол беришимиз керак. Бизга фойда келтирган иш бошқаларга зиён келтириши мумкинлигини унутмаслигимиз лозим.
Марғилон шаҳар марказидаги Марғилоний кўчасида жойлашган савдо мажмуаси рўпарасида “Марғилон – Фарғона” ҳамда “Қиргули мавзеси” йўналишларида киракашлик билан шуғулланувчи “Damas” русумли автомашина ҳайдовчилари ушбу кўчадаги пиёдалар ўтиш йўлакчаси олдига ҳамда йўлнинг қатнов қисмига бетартиб туриб олиб, пиёдалар ва ҳайдовчиларнинг ҳаракатига халал бераётганлиги сабабли вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари мазкур тартибсизликни бартараф қилиш мақсадида етиб келишади.
Аммо “Damas” ҳайдовчилари ЙПХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, фуқаролар осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатлар содир этишган.
Шу ўринда савол туғилади. Бир гуруҳ ҳайдовчилар ўзларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан нима қилишмоқчи бўлди?
“Ўзим хон - кўланкам майдон” қабилида иш тутган “Дамас”чиларни қандай тушуниш мумкин?
Ахир, мана шундай тартибсиз ҳаракатлар оқибатида пиёда ёки ҳайдовчилар иштирокида йўл-транспорт ҳодисалари содир бўляптику?! “Тирикчилик” ёхуд бошқа омилларни важ қилиб, қоидабузарлик қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган жами 19 нафар ҳуқуқбузар “Дамас” ҳайдовчиларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183, 194 ва 195-моддалари билан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Марғилон шаҳар маъмурий ишлар бўйича судининг қарори билан 6 нафарига 15 сутка, 8 нафарига 10 сутка, 5 нафарига 5 суткалик маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
"Ҳурматли фуқаролар! Агарда сиз ҳам юқоридаги каби тартибсиз “Дамас” ҳайдовчиларидан жабрланган бўлсангиз ёки мана шундай ҳолатлар кузатилаётганлигига гувоҳ бўлсангиз, ҳудудий ИИБларга ҳабар беришингизни сўраймиз.
Барчамиз мана шу осойишта жамиятда яшар эканмиз, унинг тинчлиги, фаровонлиги учун масъуллигимизни унутмайлик!", дейилган Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарида.