Юксак илмий салоҳиятга эга олим Ҳасан МУСАЕВ 70 ёшда

Инсоннинг жамиятдаги ўрни унинг тафаккури ва салоҳияти билан белгиланади. Жамоамизда ўзининг ҳалол меҳнати, шижоати, камтаринлиги, ўзининг юқори илмий салоҳияти билан кўпчиликка ўрнак бўлиб келаётган дўстимиз, ҳамкасбимиз, устоз, иқтисод фанлари доктори, профессор Ҳасан Мусаевдир.

Ҳасан Нарзиқулович 1950 йил 5 майда Тошкент вилоятининг Янгиер (ҳозирги Сирдарё вилояти Боёвут) туманида педагоглар оиласида туғилди. Ўрта мактабни тамомлагач, илмга ташналик ёш Ҳасанни Самарқанд кооператив институти (ҳозирги Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти)га етаклади. 1971 йилда институт дипломини қўлга олган иқтидорли мутахассис бухгалтерия ҳисоби кафедрасига ишга таклиф этилса-да, аввал амалиёт билан яқиндан танишиш, тажриба орттиришни афзал кўрди. Шу боис Боёвут туман матлубот жамиятлари уюшмасида фаолият бошлади. Бу ерда бухгалтер ўринбосари, кейин туман умумий овқатланиш бирлашмасида бош бухгалтер, директор лавозимида фаолият юритди. Аммо Ҳасан вужудида бир орзу – ўзи таҳсил олган институтда илмий-педагогик фаолият билан шуғулланиш ётар эди. Бу орзу 1975 йилда Ҳасан Мусаевни яна Самарқандга - қадрдон институтига етаклади. У институтнинг бухгалтерия ҳисоби кафедрасида иш бошлади. Натижада унинг илм-фан, педагогик фаолият билан шуғулланиши учун катта имкониятлар эшиги очилди.

Эзгу мақсадларни амалга ошириш учун Ҳ.Мусаев 1979 йилда Москва халқ хўжалиги институти аспирантурасига ўқишга кирди, уч йил ўтиб, иқтисод фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди. Ёш олим педагогик фаолият билан илмий тадқиқотларини баробар олиб борди. Натижада 1993 йилда Россия иқтисодиёт академияси (ҳозирги Россия иқтисодиёт университети)да “Бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида умумий овқатланишда бухгалтерия ҳисобини такомиллаштириш” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди ва иқтисод фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди, кейинчалик профессор лавозимини олди.

Бу йиллар давомида Ҳасан Нарзиқулович илмий изланишлар олиб бориш билан бирга ташкилотчилик қобилиятини ҳам намоён этди. Шунинг учун аввал институтнинг бухгалтерия ҳисоби, аудит кафедралари мудирлигини бошқарди, сўнгра - 1998-2004 йилларда институт илмий бўлими бошлиғи, проректор, кейин яна 2008 йигача бухгалтерия ҳисоботи ва аудит кафедрасига мудир бўлиб меҳнат қилди.

- Яхши эслаймиз, Ҳасан Мусаевнинг саъй-ҳаракатлари билан бу вақт давомида кафедраларнинг моддий-техника даражаси тубдан яхшиланганди, - дейди иқтисод фанлари доктори, профессор Мурод Мухаммедов. - Ўқув жараёнида илмий ишланмалар ва янги ғоялар кенг фойдаланилди, фанлардаги талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари ва институтнинг илмий салоҳияти ошди, институтда аспирантура бўйича янги ихтисосликлар очилиб, уларнинг сони биттадан бештага етказилди.

Дарҳақиқат, Ҳасан ака проректор бўлиб ишлаган кезларда профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолиятини қўшимча равишда моддий рағбатлантириш механизми ишлаб чиқилган, институтда долзарб муамоларга қаратиладиган халқаро ва республика илмий, илмий-амалий конференциялар ташкил этилган, уларга хорижлик олимлар кенг жалб қилинган эди. Шунингдек, институт профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари томонидан долзарб масалаларда монографиялар, янги авлод ўқув адабиётларини тайёрлаш ва чоп эттириш кўпайди, институт ходимларининг диссертация ҳимоя қилиши ўсди.

Ўз навбатида Ҳасан Мусаев қатор йиллар тадқиқотчиларнинг диссертацияларига раҳбарлик қилди ва бугун ҳам бу фаолиятни изчил давом эттирмоқда. У киши бир неча йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиш академиясида, республика банк-молия академиясида, институт қошидаги ихтисослашган кенгашда, Қозоғистон Республикасининг Қарағанда иқтисодиёт университети қошидаги диссертацияларни ҳимоя қилиш бўйича давлатлараро ихтисослашган кенгаш аъзоси сифатида малакали мутахассислар тайёрлашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келди. Бу каби ишлари эътиборга олиниб, 2003 йилда домлага Халқаро Евроосиё иқтисодиёт академиясининг академиги унвони берилди. 2018 йилда эса халқаро даражадаги сертификатга эга бўлди.

Ҳ.Мусаев фаолияти давомида 700 дан зиёд илмий, ўқув, ўқув-услубий ишларни чоп эттирди. Булар орасида 6 та монография, 10 та дарслик ва ўқув қўлланмалар, 30 дан зиёд илмий-амалий тавсиялар, 200 дан ортиқ илмий мақолалар бор. 

Ҳасан Нарзиқуловичнинг самарали меҳнати ҳукуматимиз, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, институт ректорати томонидан муносиб тақдирланган.

Ҳасан ака умр йўлдоши Муҳаббат ая Собирова билан беш нафар фарзандни камолга етказди. Улар ота-оналари ўгитларига амал қилиб, ҳаётда ўз ўринларини топишган. Бир этак набираси бобоси ва бувиси, ота-оналари ардоғида улғаймоқда.

Юксак илмий-педагогик салоҳият эга олим ўзининг 70 ёшини қаршиламоқда. Биз дўсти, ҳамкасби ва шогирдлари номидан Ҳасан акани ушбу қутлуғ ёш билан табриклаб, у кишига узоқ умр, илмий-педагогик фаолиятида муваффақият тилаймиз.

Жаҳонгир ЗАЙНАЛОВ, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори.

Даврон РАФЕЕВ, доцент.

Шоҳрух ЖАЛИЛОВ, магистрант.