“Юксалиш” ҳаракати жойларда ҳаво ифлосланиши олдини олиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида сўров ўтказди
Ўзбекистон кўплаб давлатлар сингари аҳоли саломатлиги ва экологик мувозанатга таъсир кўрсатувчи атмосфера ҳавосининг ифлосланиши муаммосига дуч келмоқда.
АҚШнинг Ҳаво сифати индекси платформаси — IQ Air'да Тошкентдаги ҳаво сифати даражаси 177 бирликка етди (17 январь ҳолатига). Бу атмосфера ҳавоси миқдори етарли эмаслигини, ПМ2.5 майда дисперс заррачалари эса ЖССТ тавсия қилган ҳаво сифатининг ўртача йиллик қийматидан 21,3 баравар юқорилигини англатади.
Мавжуд вазият мамлакатимиз пойтахти ва ҳудудларида ҳаво ифлосланишининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўришни тақозо этмоқда.
“Юксалиш” ҳаракати эколог мутахассислар ўртасида сўров ўтказиб, ҳолатни яхшилаш бўйича 10 та бирламчи чора-тадбирлар таклифларини ишлаб чиқди. Сўровда 34 нафар мутахассис, шу жумладан тегишли вазирлик ва қўмиталар, тадқиқотчилар, маҳаллий экофаоллар ва журналистлар иштирок этди.
Респондентларнинг аксарияти (80,7 фоиз), биринчи галда, чанг кўтарилишини камайтириш учун барча очиқ майдонларга дарахтлар ва кўп йиллик ўтларни экиш орқали “яшил белбоғ” яратиш керак, деб ҳисоблайди. Бунга қўшимча сифатида экилган дарахтларни доимий парваришлаш, мониторинг қилиш, кесиш ҳолатларига жазони кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Сўралган экологларнинг 74,4 фоизи шаҳарсозлик Бош режалари тасдиқланмагунча янги, айниқса, кўп қаватли ва нотурар бинолар қурилишига мораторий жорий этиш, қурилишларга фақат “яшил” стандартлар доирасида рухсат бериш зарур, деб ҳисоблайди.
Респондентларнинг 70,1 фоизи ҳавони ифлослантирувчи омиллар ҳақида аниқ тушунча ва маълумотларга эга бўлиш учун махсус ускуналар орқали ифлослантирувчи манбаларни (корхона, завод, иссиқхона ва ҳоказо) мониторинг қилиш керак, деган фикрда. Бунда масъул идоралар ва ННТлар вакилларидан иборат тезкор мониторинг гуруҳини тузиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган. Мониторингда асосий урғу қуйидагиларга қаратилиши тавсия этилади:
• ифлосланиш даражаси, сабаблари ва таркибини ўрганиш, уни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш;
• натижаларини ОАВда эълон қилиб бориш;
• ҳавони ифлослантиришга сабаб бўлган корхоналарга ижобий хулосалар ёки фаолият юритиш учун рухсатномалар берган шахсларни жавобгарликка тортиш;
• қоидабузарларга жарима ва жазо чораларини қўллаш;
• ҳаво сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
Респондентлар, шунингдек, ҳавонинг ифлосланганлик ҳолати ҳақида аҳолини хабардор қилиш, зарур чораларни кўриш бўйича тавсиялар бериладиган кенг кўламли тарғибот ишларини ўтказишни айтган (57,3 фоиз). Ахборот билан таъминлаш тизимли, доимий ва эколог мутахассисларнинг маълумотларига таянилган бўлиши керак.
Экспертлар барча транспорт воситаларини, жумладан, трактор ва техникаларни режадан ташқари техник кўрикдан ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлаган (53 фоиз). Улар носоз ускуналардан фойдаланишни тақиқлашни ёқлаган.
Мутахассислар, шунингдек, ижтимоий-аҳамиятли объектларда (мактаб, боғча, шифохона ва ҳк.) ҳавони тозаловчи тизимларни ўрнатишни (50,6 фоиз) ҳамда иш берувчиларга бино ва офислар ичкарисида ҳавони тозалаш бўйича тезкор чоралар кўришни ҳам тавсия этган (42,1 фоиз).
Респондентларга кўра, вақтинчалик чора сифатида намликни ошириш учун ерости сувларидан фойдаланган ҳолда фавворалар сонини кўпайтириш зарур (25 фоиз). Айримларининг фикрича, мўътадил микроиқлимни таъминлаш ва ҳаво сифатига ижобий таъсир кўрсатиш учун сунъий сув ҳавзаларини яратиш ҳам самарали чоралардан бири.
Сўровда қатнашган экспертларнинг 19,3 фоизи ифлосланиш даражаси юқори бўлган кунларда аҳоли орасида тиббий ниқоб тақиш зарурлиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш керак, деб ҳисоблайди.
Шунингдек, сўралганларнинг 18 фоизи қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, ишлаб чиқариш, омборларда ёнғиннинг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш кераклигини таъкидлаган. Чунки дала ва ўрмонларда, хавфли кимёвий моддалар сақланадиган омборларда содир бўладиган ёнғинлардан ҳаво сифатига ҳамда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи заҳарли тутун ва кул тарқалиши мумкин.