“Юксалиш” “ЛУКОЙЛ” мансабдорининг ҳақоратларига муносабат билдирди
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани» МЧЖ раҳбар-ходимининг номақбул хатти-ҳаракатлари юзасидан расмий муносабат билдирди.
«Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани» МЧЖ раҳбар-ходими томонидан Қашқадарё вилоятида жойлашган Жарқудуқ мажмуаси ишчилари шаънига номақбул сўзлар айтаётгани акс этган видеолавҳа шу кунларда интернет фойдаланувчиларининг кескин эътирозига сабаб бўлмоқда.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати мазкур масала юзасидан муносабат билдирар экан, қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар, айниқса, «Лукойл» каби йирик компания вакили томонидан бундай хатти-ҳаракатларнинг амалга оширилиши жиддий эътибор қаратиш лозим бўлган ҳолат, деб баҳолайди.
Шунингдек, хизмат вазифасини бажариш давомида йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун масъул ходимларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чораларини кўриш энг тўғри йўл эканлигини эслатади. Бир гуруҳ шахсларни миллат ёки этник келиб чиқишини назарда тутган ҳолда ҳақоратлаш ёки камситишга асло йўл қўйиб бўлмайди.
Боз устига Ўзбекистонда тарихан миллатлараро тотувлик, халқлар ўртасидаги дўстлик муносабатлари жуда яхши ривожланган. Бағрикенглик ўзбек халқининг юксак фазилати ҳисобланади.
Шу муносабат билан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати компания раҳбариятидан келгусида бундай ҳолатларга такрор йўл қўймаслик ҳақида, шунингдек, мазкур салбий ҳолат иштирокчисига нисбатан кўрилган чора юзасидан яқин вақт давомида жамоатчиликка ахборот бериш лозим, деб ҳисоблайди. Зеро, шахс қадр-қиммати, унинг шаъни дахлсизлиги Ўзбекистон қонунчилиги ҳамда халқаро нормаларга мувофиқ олий қадрият саналади.