“101 ватандош изидан” лойиҳасига старт берилди
“101 ватандош изидан” лойиҳаси ишчи гуруҳи 6 февраль куни “Ўзбекистон — Германия — Нидерландия — Польша — Беларусь — Россия — Ўзбекистон” йўналиши бўйича экспедицияга жўнаб кетади. Бугун “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида шу муносабат билан ОАВ вакиллари иштирокида лойиҳанинг тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабар берди.
Нима учун “101 ватандош изидан”? 1942 йилнинг 9 апрель куни Нидерландиянинг Амерсфорт шаҳрида 101 ўзбек аскарлари фашистлар томонидан қатл қилинган. Уларнинг тақдири узоқ вақт давомида ноаниқ бўлиб қолган. Эндиликда яқин вақтгача “махфий” тамғаси босилган архив ҳужжатлари мардонавор курашган 101 нафар ўзбек аскарларининг жасорати ҳақида далолат бермоқда.
Лойиҳа муаллифи, навоийлик фаол Жонибек Шуҳратовнинг айтишича, ўша йилларда мардлик кўрсатган ватандошларимиз дуч келган воқеаларни тўлиқ ўрганиш, улар ҳақида кенг жамоатчиликка, айниқса, ёшларга ахборот бериш вақти келди. Бу албатта, катта мардлик мактаби ва фахр манбаи бўлиши лозим. Вақт ўтиши билан эса ушбу мангу қадриятларнинг қиймати ошиб бораверади.
“101 ватандош изидан” лойиҳаси Навоий вилояти ҳокимлиги, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан қўллаб-қувватланди. Хусусан, ижтимоий тармоқларда ва интернет нашрлари орқали #Ғалабанинг75йиллиги ва #101ватандош ҳештэглари остида фуқароларга ахборот бериб бориш режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага ўз ҳиссасини қўшган ўзбекистонликларнинг исмларини абадийлаштириш, ёш авлодни улар кўрсатган жасоратлари мисолида тарбиялаш, Нидерландиянинг Амерсфорт шаҳридаги концлагернинг барча даҳшатларига қарамай ўзлигини сақлаб қолган 101 ватандош исмлари ва тарихини қайта тиклаш учун ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Шу билан бирга, ушбу ташаббус фуқароларни Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси атрофида бирлаштириш, айниқса, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги арафасида миллатчилик ва зўравонликка қарши иммунитетни шакллантиришга хизмат қилади.
Ушбу лойиҳа икки босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Биринчи босқич (6-12 февраль) илмий экспедиция кўринишида ташкиллаштирилиб, унда ишчи гуруҳ аъзолари белгиланган йўналиш бўйича жой номлари, воқеа гувоҳлари ва бошқа қимматли маълумотларни тўплайди ҳамда тарихий ҳужжатларни умумлаштиради. Иккинчи босқичда (5–9 май) эса навоийлик зиёратчилар, шу жумладан, Амерсфортда қатл этилган аскарларнинг авлодларидан иборат гуруҳ “101 ватандош изидан” йўналиши бўйича зиёратни амалга оширади.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг йўналиш графиги:
6—8 февраль, Германия: Берлин шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасида учрашув, Рейхстаг биносига ташриф ҳамда Саксония-Анхельт шаҳрида дафн этилган шаҳрисабзлик Рауф Пардаев қабри зиёрати.
8—10 февраль, Нидерландия: концлагерда 101 ўзбек аскарлари билан содир бўлган воқеаларга гувоҳ бўлган Ҳенк Браухаузен билан суҳбат, Амерсфорт шаҳридаги 101 ўзбек аскарлари дафн этилган қабристон зиёрати, Амстердам шаҳри расмийлари билан учрашув.
10—12 февраль, Польша: Гданьск шаҳрида жойлашган ўзбек генерали Собир Раҳимовнинг рамзий қабри зиёрати, Освенцим концлагерига ташриф.
12—14 февраль, Беларусь: 2015 йилда “Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси” асари учун Нобель мукофоти билан тақдирланган Беларусь ёзувчиси Светлана Алексеевич билан ўзбек генерали Мамадали Топиволдиев жасорати ҳақида суҳбат.
14—16 февраль, Россия: Санкт-Петербург шаҳридаги Пискарьёв қабристонида дафн этилган 1450 нафар ўзбек аскарлари қабрлари зиёрати.
Мазкур илмий экспедиция давомида Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган буюк ғалабага ўз ҳиссасини қўшган ўзбек аскарлари ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилади.