ЮНЕСКО Бош директори: "Шоҳи Зинда мажмуаси ҳамон ўзининг тарихий қиёфаси, руҳи ва маънавий қимматини йўқотмаган"

ЮНЕСКОнинг янги сайланган Бош директори Холид Аҳмад ал-Ананий Самарқанддаги маданий мерос объектларида бўлди.

Жумладан, Шоҳи Зинда мажмуаси билан танишиб, бу ердаги маданий мерос объектларининг жаҳон цивилизациясидаги ўрни, уларни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш юзасидан фикрларини билдирди.

– Самарқанд нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё тарихий-маданий меросининг юраги, десак муболаға бўлмайди, – деди Холид Аҳмад ал-Ананий. – Чунки унинг тарихийлиги, илм-маърифат ва маънавият ўчоғи бўлгани, ҳозирги кунда ҳам жаҳон ҳамжамияти диққат марказида экани фикримизнинг тасдиғидир. Мисол учун,  Шоҳи Зинда ҳақида китобларда ўқиганман, суратлар орқали танишман, бироқ бу тарихий мажмуани ўз кўзим билан кўриб, уни қайтадан кашф қилдим. Мажмуадаги ҳар бир бетакрор нақш ва безаклар ўз даврида ҳудудда хаттотлик ва меъморлик санъати ривожланганини кўрсатади ва ёдгорликнинг аҳамиятини янада оширади.

Обидани зиёрат қилиш учун дунёнинг турли мамлакатларидан келган сайёҳлар билан суҳбатлашар эканман, Самарқанднинг глобал маданий марказ сифатидаги ўрни ошиб бораётганига яна бир бор амин бўлдим. Ёдгорлик келажак авлодга ўзининг тарихий қиёфаси, руҳи ва маънавий қиммати сақланган ҳолда етказилаётгани эса Ўзбекистонда, хусусан, Самарқандда маданий мерос объектларига бўлган ҳурмат ва эътиборнинг амалий ифодасидир.

Самариддин Мирзаев,

Шоҳи Зинда мажмуаси раҳбари.