Юпитер - сайёралар қироли
Қуёш тизимининг иккинчи гуруҳ сайёралари Юпитер, Сатурн, Уран ва Нептунлар ҳисобланади. Бу сайёраларнинг барчаси гигант сайёралар ва улардан Юпитер (арабларда Муштарий) Қуёшдан бешинчи ўринда жойлашган бўлиб, уни “сайёралар қироли” деб аташади. У барча сайёралар ичида энг каттаси ва ўз ўқи атрофида тез айланувчи сайёра ҳисобланади.
Унинг диаметри Ерникига нисбатан 11 марта, ўлчами жиҳатидан 318 марта катта. Қуёшдан 778 миллион километр, Ерга нисбатан 5 марта узоқ жойлашган. Юпитер Қуёш атрофини 4332,59 Ер суткасида бир марта айланиб чиқади. Ердан Қуёшга нисбатан қарама қарши туриши ҳар 399 суткада қайтарилади. У осмондаги ёрқинлиги бўйича Қуёш, Ой ва Венерадан кейин турадиган тўртинчи объектдир.
Юпитер Қуёш тизимидаги энг катта ва Қуёшдан узоқлиги бўйича бешинчи сайёрадир. У Сатурн, Уран, Нептун сингари газли гигантлар ҳисобланади. Бу сайёра жуда қадим замонлардан одамларга маълум бўлган. Юнонларда Зевс, римликларда Юпитер (момақалдироқ худоси) номи билан аталган.
Юпитернинг ҳозирги кунда 67 та йўлдошлари бор. Атоқли Италия астрономи Галилео Галилей 1610 йилда Юпитернинг тўртта катта йўлдошини кузатган.
Ўша йиллар бу йўлдошларни немис астрономи Симон Мариус ҳам кузатган ва 1614 йили уларни Ио, Европа, Ганимед Каллисто номлари билан атаган. Бу йўлдошларнинг барчаси ёрқин ва Юпитердан узоқлашган орбиталар бўйлаб ҳаракат қилишади. Уларни оддий дала биноклида кузатса ҳам бўлади. Юпитернинг қолган йўлдошлари кўпчилиги кичик (диаметрлари 2-4 километр атрофида бўлган) йўлдошлардир. Юпитернинг Европа йўлдоши кейинги пайтларда олимлар эътиборини ўзига қаратган йўлдош ҳисобланади. Чунки унинг таркибида кислород юқори бўлган тарқоқ атмосфераси мавжуд экан. Бу йўлдош муз қатламлари остида музлаб қолмайдиган океан ва унда микроскопик ҳаёт мавжуд деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Аммо бу йўлдош юзасини баландлиги 15 метр келадиган муз найзалари қоплаган бўлиб, улар космик аппаратларни унинг сатҳига қўндиришда жиддий тўсиқ бўлиши ҳам мумкин.
Юпитерни олимлар қайнаб турган суюқ водород океани, деб аташади. Ядросини ҳисобга олмаганда, бу сайёра атмосфераси таркибининг 60 фоизини молекуляр водород, 36 фоизини гелий, 3 фоизи неон, 1 фоизга яқин амиак ва метан ташкил этади. Сайёранинг ўз ўқи атрофида айланиш даври унинг турли кенгликларида турлича бўлади. Ерга нисбатан у Қуёш энергиясини 27 марта кам олади. Шунинг учун Қуёш нури тушган ва энг кўп исийдиган сиртидаги температура минус 100, 150 градус атрофида бўлади. Атмосферадаги чанг-булутлар Юпитер айланиб тургани сабаб унинг экватори томон интилиб, ҳалқалар кўринишини олган. Унинг асосий - бош ҳалқаси 6500 километргача кенгликка тарқалган. Унинг йўлдошларидан 4 таси - Адрастия, Фива, Метида ва Амалтеялар ана шу ҳалқалар ичида ҳаракат қилади. Гамилия деб аталувчи ҳалқаси 2000 йилдан кейин Юпитер йўлдошларидан бирининг бошқа йўлдошига тўқнашиши туфайли юзага келган парчалардан ташкил топган.
Биз юқорида сайёранинг Европа йўлдоши тўғрисида бироз маълумот берган эдик. Унинг Ио йўлдоши ҳам анча қизиқарли йўлдошлардан биридир. Бу йўлдош Юпитерга энг яқин, радиуси 421700 километр бўлган орбитада Юпитер атрофида унга синхрон айланиб туради, яъни унинг Юпитер атрофида айланиш даври Юпитернинг ўз ўқи атрофида айланиш даврига тенг. Демак, Ио Юпитерга бизнинг Ой каби фақат бир томони билан қараган бўлади. У Қуёш тизимида энг фаол ва катталиги жиҳатидан тўртинчи йўлдошдир. Унда 400 дан ортиқ ҳаракатдаги вулқонлар мавжуд. Вулқонлардан ажралиб чиқаётган олтингугурт ҳатто 500 километргача баландликка кўтарилади. Ионинг бундай фаоллиги Юпитер, Европа ва Ганимедлар томонидан унга бериладиган гравитация кучининг катталиги туфайлидир. Чунки бундай куч Ионинг орбитадаги ҳаракатини тормозлаб, унинг ички қисмининг қизиб кетишига олиб келади. Бундан ташқари, Иода тоғлар ҳам ниҳоятда кўп. Ҳатто Жанубий Боосава тоғи Ердаги Жомолунгма тоғидан икки баробар баланд ҳисобланади.
Телескопда кузатилганда Юпитер сиртида экватор бўйлаб қора белбоғлар кўринади. Бу белбоғлар вақт ўтиши билан ўзгариб туради. Бундан кўринаётган ҳодисалар унинг сиртида эмас, балки атмосферасига тегишли, деган хулоса келиб чиқади. Юпитер гардишида бундай ўзгариб турадиган белбоғлардан ташқари, деярли доимий, ўзгармайдиган деталлар ҳам кузатилади. Масалан, 1878 йилда кашф этилган тўзонли соҳаси Катта Қизил Доғ деб аталади. Бу тўзон камида 340 йилдан бери Юпитерда эсиб туради. Бу шунчалик каттаки (узунлиги 30000 километр, эни 13000 километр). Уни Ердан туриб телескопда кузатиш мумкин. Ундаги белбоғлар бир-бирига тескари йўналишларда, катта тезлик билан эсаётган антициклонлар ҳисобланади. 1974 йилда АҚШнинг «Пионер 11» сайёралараро автоматик станциясининг 43000 километр масофадан юборган маълумотларига қараганда, бу доғлар ривожланиб бораётган улкан атмосфера тўфонидан иборат эканлиги маълум бўлди. Бу доғ Юпитер атмосферасидаги жуда кучли қўзғалиш жараёни бўлиб, газ массасининг айланиши бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар бор. Аммо бу ҳодисанинг асл сабаби аниқ эмас. Қизил доғ баъзи йилларда кескин қизил рангда, баъзи йиллар эса оқиш ранг олиб, яхши кўринмай қолади, ҳатто бутунлай кўринмай қолиши ҳам мумкин.
Қирол сайёра олимлар томонидан жуда кўп тадқиқ қилинган. 1974 йил учирилган “Пионер 11” Юпитернинг катта ўлчамли тасвирини олган, унинг атмосферасини ўрганган ва унда магнит майдонининг мавжудлигини аниқлаган. “Галилей” космик автоматик станцияси 1995 йил 7 декабрь куни Юпитер атрофидаги орбитага чиқарилиб, 7 йил ичида у сайёрани 35 марта айланиб чиққан. Сайёра тўғрисида анчагина маълумотларни Ерга юбориб турган. 2003 йил 21 сентябрда станция Юпитер билан тўқнаштирилиб, йўқ қилинган. 1979 йилда учирилган “Вояджер-1” ва “Вояджер-2” космик аппаратлар Юпитерни ва унинг йўлдошларини, ҳалқаларини ўрганган, Ионинг вулқоник фаоллигини, Европада сувли муз борлигини аниқлаган.
Америкаликларнинг “Галилей” автоматик сайёралараро станцияси 8 йил давомида (то 2003 йилгача) Юпитерни унинг орбитасидан туриб ўрганган, унинг энг яхши тасвирларини Ерга юбориб турган.
2016 йил 5 июлда НАСА томонидан 2011 йил 8 августда Юпитер томон учирилган “Юнона” космик аппарати қарийб 5 йил йўл юриб, 3 миллиард масофани босиб ўтган ва ниҳоят Юпитер орбитасига чиққан ва унинг иккинчи сунъий йўлдошига айланган. Бундан олдин у томон учирилган «Галилей» АСС унинг биринчи сунъий йўлдошига айланган эди. Ўз ҳаракати давомида «Юнона» Юпитерга 4600 километргача яқинлашган. Сайёра атрофида эса 11 кунда бир марта айланиб чиққан. Бу сайёрада мавжуд бўлган кучли радиация космик зонддаги электрон аппаратларни тезда ишдан чиқармаслиги учун бу аппаратлар титан моддасининг қалин қопламаси билан ҳимояланган. Космик зонд олдига қўйилган вазифалар бажарилгач, зонд Юпитер атмосферасига кириб, ёниб кетган.
Маълумки, Юпитер сайёраси 40 йил давомида турли космик аппаратлар билан ўрганилиб келинган. Лекин ҳозиргача унинг барча сирлари тамоман ошкор бўлмаган. «Юнона» зонди ёрдамида Юпитернинг кимёвий таркибини ўрганиш, унда содир бўлиб турадиган циклон ва антициклонлар табиатини, ундаги кучли радиацион белбоғни ўрганиш асосий мақсад қилиб қўйилган. Бундан ташқари, Юпитер атмосферасида қанча кислород ва сувнинг мавжудлигини, сайёра ички тузилишининг қандайлигини, Юпитернинг қаттиқ жисм каби яхлит айланадими ёки унинг ҳар хил қисми турлича айланадими, унда қаттиқ ядро бор ёки йўқлигини, ундаги кучли магнит майдонининг мавжудлик механизмини, қутбларининг кўринишини ва бу қутблар нурланиши механизмларини ўрганишдек жуда катта мақсадлар кўзда тутилган.
Интернет материаллари асосида СамДУ профессори Ортиқ ПАРДАЕВ тайёрлади.