Юртимиз бўйлаб миллионлаб капалаклар парвоз қилмоқда: мутахассис нима дейди?
Хабарингиз бор, юртимиз бўйлаб тўқ сариқ–қора рангдаги миллионлаб капалаклар ҳали у вилоятда, ҳали бу вилоятда учиб юрибди. Хўш, улар қаердан келиб қолишди, бу ҳақда мутахассислар нима дейди?
Самарқанд ветеринария медицина институти мутахассисларининг маълум қилишларича, қишнинг иссиқ келиши ва шу туфайли ернинг юза қисмининг музлаши унча чуқур бўлмагани ушбу капалаклар личинкаларининг одатдагидан кўпроқ сақланиб қолишига сабаб бўлган.
Шунингдек, баҳорнинг одатдагидан серёғин ва салқин келиши, улар озиқланадиган ўсимликларнинг яхши етилиб ўсиши капалакларнинг тез кўпайишига сабаб бўлган.
"Ёмғирли салқин ҳаво бундай капалакларнинг кўпайиши учун энг зўр шароит туғдиради. Шунинг учун улар бундай ёмғирли салқин ҳавода тез кўпайишади. Агар об-ҳаво ўтган йилгидай бўлиб, май ойидаёқ кунлар ёздагидай исиб кетганда капалаклар бунчалик кўпая олмасди. Аксинча, иссиқда нобуд бўлиб кетар эди. Ҳозир юртимиз бўйлаб айланиб юрган капалаклар ҳам ҳаво исигандан улгургани бошқа салқин ўлкаларга учиб кетади, улгурмаганлари эса шу ерда нобуд бўлади" дейди, институт доценти Қаҳрамон Хушвақтов.