Юртимизда коронавирусдан тузалганлар сони 2000 нафарга етмоқда. Шулардан бири самарқандлик узоқ масофага қатновчи ҳайдовчи

Юртимизнинг учта ҳудудидан: Андижон вилоятида 4 нафар, Наманган вилоятида 2 нафар ҳамда Сурхондарё вилоятида 2 нафар, жами 8 нафар бемор бутунлай соғайди ва реабилитацияга кузатилди.

Андижонда дарддан фориғ бўлганларнинг 2 нафари эркак, 2 нафари аёл бўлиб, барчаси ушбу вилоятдан. Беморларнинг ҳаммаси коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Улар орасида энг ёши каттаси 66 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 2018 йил туғилган.

Вилоятда шу пайтга қадар 158 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 162 нафарга етди. Шу пайтгача Андижонда коронавирус инфекциясининг аниқланиш ҳолати 169 тани ташкил этмоқда. Бугунги кунда вилоятда 7 нафар бемор даволанмоқда.

Сурхондарёда тузалганларнинг 1 нафари (64 ёшли эркак) ушбу вилоятдан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Яна 1 нафари (43 ёшли эркак) эса Самарқанд вилоятидан бўлиб, узоқ масофага қатновчи автомашина ҳайдовчиси. У Россиядан Тожикистон орқали Сурхондарёга кириб келган ва карантинга олинган, коронавирус инфекцияси аниқлангач, шифохонага ётқизилган.

Эндиликда вилоятда соғайганлар 38 нафарга етди. Шу пайтгача вилоятда коронавирус инфекциясининг аниқланиш ҳолати 44 тани ташкил этмоқда. Бугунги кунда ушбу ҳудудда 6 нафар бемор даволанмоқда.

Наманганда соғайганларнинг 2 нафари ҳам ушбу вилоятдан (54 ёшли эркак Наманган туманидан, 72 ёшли эркак Наманган шаҳридан). Улар коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Эндиликда вилоятда тузалганлар 197 нафарни ташкил этмоқда. Шу пайтгача вилоятда коронавирус инфекциясининг аниқланиш ҳолати 240 тани ташкил этмоқда. Бугунги кунда ушбу ҳудудда 39 нафар бемор даволанмоқда.

ССВ матбуот хизматининг хабар беришича, ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 1996 нафарга етди.