Юртни тавоф қилгани келдим

Ҳаво лайнери кўкка парвоз қилди. Иллюминатордан атрофга қараб кетаётган Якуб Қўюнлини фақат бир нарса қийнайди. Бу ҳам бўлса ҳижронли юрт соғинчи...

Афғонистон, Арабистон, Эрон, Туркия... қанча юртларни кезди. Яшади. Бегона тилларда, бегона лаҳжаларда сўзлашди. Сарсон-у саргардонликда ҳузур-ҳаловат топмади. Ўз юртичалик меҳрни, ғурурни ҳис қилмади. Боши эгик, худди тутқунлардек...

Тўғри, ўзга юртда уйланди. Бола-чақа орттирди. Аммо, ўз Ватанидек бўлмади, бўлолмади. Бахт топмади. Виждони, қалби, ғурури, руҳияти эркин эмас. Худди ҳаммаси сохта, ясамадек. Нима қилмоқ керак ?... Ёш, куч-ғайратли ва билимли эди. Ҳаёти, умри мазмунсиз, бесамар ўтмоқда. Шуларни ўз юрти учун сарфлаганида эди..

Мана, саккиз ойдирки, Германияда яшамоқда. Муҳожирлар ичида туркистонлик ўзбеклар кўп. Улар ота-боболаридан қолган шарқона урф-одат, одоб-ахлоқ, илму-урфон, қоида-ю, амал, сўзлашув шарҳи, лутфу-карам, маърифий ва маънавий ҳис-туйғулар, ички маданиятни ҳозирга қадар ҳам ҳурмат билан сақлаб келмоқдалар. Бу ҳам ўз ота-боболари юртига нисбатан ҳамон интилиш туйғусидир.

Шарқона тарзда қурилган кенг ҳовли саҳнида икки туп ток ишкоми бор. Буни шу ерда яшаган муҳожир қайсидир бир йили делегация таркибида Ўзбекистонга борганида новдасидан олиб келиб эккан экан. Ундан янги-янги новдалар кесиб олиниб, шу пайтгача авайлаб парвариш қилиниб келинмоқда.

Отаси Аҳмад Қўюнли жуда маърифатпарвар, зиёли инсон эди. Бухорои шарифда таҳсил олган. Илму-урфонни ўрганган. Кейинчалик қатағон йиллари бошлангач, чет элга қочиб ўтишга мажбур бўлган. Оқил бу инсон қачонлардир юртга Озодлик ва Истиқлол кириб келишини, эл бошига офтоб чиқишини ўзга юртда бўлса-да ҳамиша интиқ бўлиб кутган.

Мана, узоқ йиллардан сўнг ўша орзу-ю, армонлар ушалиб рўёбга чиқди. Бугун юрти, эли озод. Самолёт ҳамон кўкда парвоз қилмоқда. Ана баланд-баланд тоғлар, кенг ясси ям-яшил текисликлар, бир-бирига туташиб кетган, шаҳару-қишлоқлар кўзга ташланаётир. Аслида Ватан шудир!

Аҳмад Қўюнлининг авлоди-зурриёди бугун ўз ота юрти томон илк парвоз қилаётир. Худо насиб этса, бу ўлкада уни эъзозлаб, соғинч билан кутиб олувчилар кўп. Ўзбек ҳалқи нақадар сахий, бағри кенг, меҳмондўст... Аммо Якуб бу ерга аслида меҳмон сифатида эмас, соғинч ҳисси билан бутунлай яшаш учун келмоқда.

Бир нафас кўз олдида ўтмиш хотиралар жонланди. Худди кечагидек... Ёш бола эди. Мана шу заминнинг, шу азиз тупроқнинг қайсидир жойида туғилди. Бу  Самарқанд шаҳри атрофида. Элас-элас эслайди. Эрта баҳорда қиру-адирлар бағрида ўртоқлари билан шудринг оралаб чопиб-чопқиллаб ўйнарди. Капалаклар тутарди, Зилол сувларидан тўйиб-тўйиб,қониб-қониб симирарди. Қани-ўша дамларни, қадрдон ёру-дўстларини яна қайта топса?!..

Фироқ, юрт соғинчи, айрилиқ, ҳижрон... Нақадар оғриқли нақадар қийноқли...

Стюардесса қиз майин ва ёқимли, чиройли жарангдор овозда самолёт қўнишга тайёрланаётганини эълон қилди. Лайнер оҳиста ерга қўна бошлади. Трапдан тушиб Она-заминга илк бора қадам қўяр экан, кучли ҳаяжон ва қувончдан юраги ҳапқириб титраб кетди. Мижжаларидан беихтиёр ёш қуйилди.

- Эй, Она юртим! Мана, яна бағрингга қайтиб келдим... У тиз чўккан кўйи ерни қучиб ўпганча қайта-қайта тавоф қиларди...

Ашурбек ПЎЛАТОВ.