"Ютуқларимда сафдошларим ҳиссаси бор": "Жасорат" медали соҳиби армия ҳақида
Ҳарбийлик либосини кийиш, Ватан посбони бўлиб, юрт ҳимоясида туриш ҳар бир йигитнинг орзуси ҳамда энг шарафли бурчидир. Марказий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида йўриқчи сержант вазифасида хизмат қилаётган Мансур Тоғайниёзов ана шундай масъулиятли вазифани адо этаётган ўғлонлардан бири.
Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида туғилган қаҳрамонимиз болалигидан ҳарбийликка меҳр қўйган, йиллар ўтиб, орзусига эришган ва айни дамда Ватан олдидаги бурчини садоқат билан бажариб келмоқда.
- 19 йилдан бери ҳарбий сифатида фаолият олиб боряпман, - дейди иккинчи даражали сержант Мансур Тоғайниёзов. - Ёшлигимда ҳарбийларга қизиқиб, мен ҳам ҳарбий бўлсам, Ватанимга хизмат қилиб, ота-онам ишончини оқласам, деб орзу қилардим. 2004 йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилдим. Хизмат даврида командирларимнинг ўзига бўлган ишончи, довюраклиги, шижоати ҳарбийликка бўлган ҳавасимни оширди.
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, шартнома бўйича ҳарбий хизматни давом эттирдим. 2010 йилда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи миқёсида ўтказилган “Энг илғор разведка гуруҳи” мусобақасида биринчи ўринни эгалладим.
Спортнинг енгил атлетика турига қизиқишим баланд эди. Ўша вақтларда спортнинг шу йўналиши бўйича ўтказилган мусобақада беш карра ғолибликни қўлга киритганман. Кейинчалик “Энг илғор мутахассис” танловининг “Энг илғор сержант” мусобақасида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ миқёсида биринчи, Мудофаа вазирлиги миқёсида эса иккинчи ўринни эгалладим.
2017 йилдан эса хизматни Марказий ҳарбий округда давом эттирдим. Бу ерда “Энг илғор разведка гуруҳи” мусобақасида умумжамоа ҳисобида биринчи, “Энг илғор касб устаси” танловининг “Энг илғор сержант” мусобақаси ғолиблигини, Мудофаа вазирлиги миқёсида эса иккинчи ўринни қўлга киритдим.
Мансур Тоғайниёзов хизмати давомида жанговар, маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича ишларни ташкил этиш ва ўтказиш, шахсий таркибни Ватанга, ҳарбий бурчга ҳамда қасамёдга содиқ, юксак жанговар ва ахлоқий-руҳий барқарор бўлиб шаклланиши йўлида жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Унинг ўтган йиллар давомида эришган муваффақияти, бу йўлдаги шижоати, интилувчанлиги мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрамида эътироф этилди ва “Жасорат” медали билан тақдирланди.
- Президентимиз томонидан ушбу мукофотга лойиқ кўрилганим, Ватанимиз тинчлиги йўлида садоқат билан хизмат қилишда ифтихор бағишлади ва юксак масъулият ҳам юклади, - дейди Мансур Тоғайниёзов. - Шу кунгача эришган муваффақиятларимда оилам, командирларим ва сафдошларимнинг ҳиссаси катта. Чунки уларнинг қўллаб-қувватлашлари ва билдирган ишончи билан ютуқларга эришяпман. Бундан кейин ҳам юртимиз тинчлиги, миллий армиямиз ривожи учун меҳнат қилишдан тўхтамайман.
Фазлиддин Рўзибоев, Бахтиёр Мустанов.