Заҳри қотил занжирбанд этди
Ургут туманида яшовчи, гиёҳванд моддалар билан савдо қилган Луқмон Ибрагимов, Абдусамад Хушвақтов, Элбек Тўраев, Ориф Пайзиев, Азим Мўминов ва Элёр Ҳамроевлар ҳам бу қилмиши жиноят эканини яхши биларди. Билса-да, ўз нафсини жиловлай олмай, эл-юрт олдида бошлари эгилди.
Маълум бўлишича, Элбек Тўраев кўп йиллардан буён опий гиёҳванд моддасини истеъмол қилиб келган. Аммо бу заҳри қотилнинг озгинаси ҳам фалон пул. Ҳеч қаерда ишламайдиган, уч нафар фарзанднинг отаси бўлган бу кимса, табиийки, бунча пулни топиши қийин. Пул топишнинг минг йўлини ахтарган Элбек охири иложини топгандек бўлди. Шундай кунларнинг бирида у таниши Орифнинг олдига борди.
– Ака, менга 15 минг доллар қарз бериб туринг, – деди.
– Ўн беш минг?! Бу катта пул-ку, нима қиласан бунча пулни?
– Керак бўлиб қолди, тез кунда ортиғи билан қайтараман, – деди Элбек ва гапни чўзмай мақсадга кўчди. – Иккита танишим Тожикистонга "юк" олиб келишга кетяпти. Шуларга "заказ" бермоқчиман. Қайтиб келгандан кейин пул эвазига 5 килограмм "дори" бераман, розимисиз?
Бу таклиф Орифга маъқул келиб, пулни бериб юборди. Элбек эса аввал ҳам бир неча бор Тожикистон Республикасига бориб, гиёҳванд моддаларни олиб келган танишлари Азим Мўминов ва Фарҳод Умаровларга пулни бериб, опий буюртма қилди. Шу билан бирга у ўзининг "Дамас" автомашинасида бу икковлонни чегара ҳудуди бўлган Жодугарсой қишлоғигача кузатиб қўйди.
Орадан икки кун ўтиб, Фарҳод унга қўнғирқ қилди.
– Бугун Терак қишлоғида яшовчи Насим ўртоғимникида гаштак бўляпти. Келсанг, меҳмон қиламиз, "совға"си биздан, – деди Фарҳод гиёҳванд моддани олиб келганига ишора қилиб.
– Ана тарози, "юк"ни тортиб ол, – деди Фарҳод Насимнинг уйидан чиқиб, қишлоқнинг четроғига бориб тўхтагач. – 14 килограмм 600 грамм. Икки килограммини мен оламан. Сотиб, тирикчилик қилиш учун.
Шундан сўнг Элбек қолган гиёҳванд модданинг 4 килограмм 600 граммини келишилгандек, Орифга берди. Қолган 7 килограмм 800 граммини сотиш учун уйига яшириб қўйди.
Орадан уч кун ўтиб, Азим 3 килограмм 600 грамм гиёҳванд моддани олиб кетди. Хуллас, савдо авжига чиқиб, гиёҳванд моддани олувчию сотувчиларнинг сафи кенгайиб бораверди. Уларнинг сафига энди Луқмон, Абдусамад, Элёр ҳам қўшилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Элбекнинг ошиғи олчи бўлди. Тожикистон Республикасидан келтирилган гиёҳванд моддаларни сотиб, анчагина пул ишлаб олди. Тобора иштаҳаси очилиб, пул, бойликка ҳирс қўя бошлаган бу шоввоз Тожикистонга яна бир "экспедиция"ни юборишга қарор қилди. Бу сафар ҳам Ориф "ҳомий"лик қилиб, 15 минг доллар берди. Фарҳод ва Азимга Элёр шерик бўлиб, Тожикистонга йўл олишди. Бу гал ҳам улар 14 килограмм 600 грамм опий гиёҳванд моддани олиб келишди. Яна савдо авжига чиқди.
Аммо ноқонуний хатти-ҳаракат қонун эътиборидан четда қолмади. Мазкур жиноий гуруҳ аъзоларининг қилмишлари фош этилди.
Сўнгги пушаймон ўзингга душман, деганларидек, судланувчилар бугунги кунда қанчалар афсусланмасин, қонунда белгилаб қўйилган жазоларни ўташга мажбурдир.
Рустам ҲАЙИТОВ.