Замонавий лабораториялар таълим сифатини оширишга хизмат қилади
Биотехнология – мамлакатимиз учун нисбатан янги соҳа. Тараққиёт натижасида вужудга келган - қишлоқ хўжалиги, саноат ва тиббиётнинг турли соҳаларида тирик организм ва биологик жараёнлардан фойдаланадиган саноат усуллари мажмуи бўлган бу соҳа - биология ва техника имкониятларини бир пайтда ўзида мужассамлаштиради.
Биотехнологик жараёнларни эса замонавий лабораторияларсиз тасаввур этиш мушкул. Негаки, биотехнология соҳаси бевосита ишлаб чиқариш билан боғлиқ. Биотехнология усуллари ёрдамида ўсимликлар ва ҳайвонларни ген муҳандислиги ёрдамида янги нав ва зотларини яратиш, ҳужайра муҳандислиги ёрдамида ноёб ва йўқолиш арафасида турган ўсимликларни кўпайтириш, чорва озуқаларини бойитиш, юқори маҳсулдорликка эга продутсентларни кўпайтириш, микроорганизмлардан физиологик фаол моддалар олиш, ДНК таҳлилларини ўтказиш каби муҳим самарадор биотехнологик усулларни чуқур ўрганиш ва амалиётга жорий этишдан иборат.
Таъкидлаш ўринлики, биотехнология таълим йўналиши талабаларини ўқитишда замонавий жиҳозланган лабораторияларни мавжудлиги муайян назарий билимларни талабалар етказиб бериш, бу олган билимларни амалиётда қўллай олиш юзасидан кўникма ва малакаларни ҳосил қилишда жуда муҳим роль ўйнайди.
Ҳозирги кунда республикамиздаги барча олий таълим муассасаларида таълим жараёнини такомиллаштириш учун ўқув жараёни самарадорлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Биотехнология фанини чуқур ўрганишда лаборатория ишларини олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Янги билим ва амалий кўникмаларни шакллантириш, амалий ўқитиш усулларидан фойдаланиш лаборатория ишининг асосий моҳияти ҳисобланади. Ўқув жараёнига қўйиладиган замонавий талаблар ўқитувчилар ва талабалар фаолиятини ташкил этиш орқали билим, кўникмаларни шакллантиришга йўналтиради.
Университетимизнинг биотехнология кафедраси қошида замон талабларига мос бўлган биотехнология ўқув лабораторияси ташкил қилинган. Мазкур ўқув лаборатория замонавий лаборатория жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Ҳозирги кунда лаборатория дарс машғулотлари ва илмий тадқиқот ишлари учун фойдаланиб келинмоқда.
Дарс машғулотлари давомида талабалар сунъий озуқа муҳитлари тайёрлаш технологияси, саноатда кенг миқёсда ишлатиладиган продутсентларни кўпайтириш усулларини, ўсимлик ҳужайраларидан ДНК ажратиш, агарозали гелда ДНК электрофорезини амалга ошириш, ўсимликларни учки апикал меристемасидан “ин витро” усулида ўстириш каби муҳим лаборатория жараёнларини амалга оширадилар.
Биотехнология ўқув лабораториясида талабалар ўқув жараёнида олган назарий билимларга таянган ҳолда машғулотларни олиб боришяпти. Бу уларнинг келгусида етук мутахассис бўлиб чиқишларида муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнларни амалга оширишда биз анъанавий таълимдан воз кечган ҳолда замонавий таълим, яъни замонавий жиҳозланган лабораториялар ва электрон таълим ресурсларидан кенг миқёсда фойдаланяпмиз.
Биотехнология ўқув лабораториясида таркиби оқсилга бой бўлган сув ўтлар ўстирилмоқда. Бу сув ўтлардан чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик озуқасига оқсилга бой биоқўшимча сифатида ва оқова сувларни тозалаш мақсадида фойдаланиш каби илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Дарвоқе, бугунги кунда биотехнология фани ўқитувчиси олдида турган долзарб муаммолардан бири таълимнинг замонавий технологияларини лойиҳалаш ва уни ўқитиш амалиётида қўллашдир. Университетда ана шу жараён узлуксиз, жадаллик билан амалга оширилмоқда.
Актам НУРНИЁЗОВ,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг биотехнология факультети декани, доцент.