@zarafshonbot га мурожаат: Янгиқишлоқнинг эски йўлига қачон тош тўкилади?

Қишлоғимиздаги 3 километрлик кўчага шағал ётқизилмаган. Шу сабаб бу кўча ёзда чанг, ёғингарчиликда лой. Бу ҳолат қишлоққа тез ёрдам машинасининг кириб-чиқишида, аҳолининг қабристонга боришида, ўқувчиларнинг мактабга қатнашида муаммо бўляпти.

Қишлоқнинг марказидан сой ўтган. Шағални шу ердан олса бўлади. Сойнинг икки тарафига 1,5 километрдан масофага шағал ётқизиш учун аҳолининг кучи етмаяпти. Шунинг учун “Мутасаддилар фақат техника ажратса, 500-600 литр ёқилғисига ўзимиз ёрдам берамиз”, деб бормаган жойимиз қолмади.

Президентимиз масъулларга “маҳаллабай” ўрганиш, қишлоқ кўчаларини обод қилиш топшириғини берганини эшитиб, “Энди масалага ечим топилади”, деб хурсанд бўлган эдик. Аммо техника келди. 1 километр йўл таъмирланди. Йўлни таъмирлаймиз, деб йиғиб турган пулимиздан 2 миллион сўмга яқини техника хизмати учун берилди. Бундан ташқари, 500 литр ёқилғидан ҳам ёрдам қилдик. Лекин қарийб бир ой аввал бошланган иш чалалигича, 2 километр йўлимиз эскилигича қолди.

Биз йўлимизни асфальт қилинг, демаяпмиз, наҳотки тош тўкишга кўмаклашиш мутасаддилар учун қийин бўлса?..

Қўшработ тумани Навкат маҳалласи Янгиқишлоқ қишлоғининг бир гуруҳ фуқаролари номидан

Усмон Ҳасанов,

Неъматилла Болмонов.