@zarafshonbot’га мурожаат: Оқдарё тумани боғча мудираси ходимларининг пластигини нега эгасига бермайди?
Оқдарё тумани Сўғончи қишлоғидаги 14-мактабгача таълим муассасаси мудираси Хуршида У. боғча ходимлари - Лола Ҳ., Наргиза Н., Нигора Б., Севара Д.ларнинг пластик карталарини қўлига бермасдан келяпти.
Улар ойига қанча маош олишини билмайди, мудира боғча ходимларига ҳар ойда 400-450 минг сўм атрофида нақд пул беради. Ҳолбуки, бир ставкада ишлайдиган ходимлар энг кам ойлик иш ҳақини ҳам олмасдан келмоқда.
Қолаверса, мудира боғчадаги қоровул, кир ювувчи, санитарка ва мусиқачи каби бўш иш ўринларини сунъий равишда йўққа чиқарган.
Шунингдек, у ҳамширага овқат миқдори (рациони)ни текшириш учун ошхонага киришга қатъий тақиқ қўйган, яъни “Сен фақат ёзувларни қилсанг бас, овқатни текширишинг шарт эмас”, демоқда. Модомики, боғча болаларидан 1 нафари заҳарланса, ҳамшира жавобгар бўлиши тайин.
Бундан ташқари, боғча мудираси ёз давомида картошка арчишдан тортиб, супур-сидиргача ҳамшира ва бошқа лавозим эгаларини мажбурлаб ишлатади. Энди “Боғчага бола топиб келмасанг, ойликни кесаман”, деб дуқ қилмоқда.
Бизга ёрдам беринг, боғча мудираси Хуршида У.нинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини ўрганадиган масъул ташкилот борми?